Қизилқумнинг олис манзилларига замонавий тиббиёт кириб бормоқда

16:52 06 Февраль 2024 Жамият
199 0

“Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасаси маъмуриятининг ОАВ вакиллари учун 2023 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида бу ҳақда алоҳида айтиб ўтилди.

Шуни таъкидлаш жоиз, мазкур муассаса “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоий уран” ДК каби йирик саноат корхоналарининг барча ижтимоий инфратузилмасини ўз таркибида бирлаштирган бўлиб, асосан кончилар ва уларнинг оила аъзоларига тиббий хизмат кўрсатиш, маданият ва жисмоний соғломлаштириш ҳамда оммавий спорт ишлари соҳаларидаги ягона тизим ҳисобланади. Унинг фаолият кўлами Навоий вилоятидан ташқари қўшни Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг ҳам бир қатор ҳудудларини қамраб олган.

— Биргина тиббиёт йўналишини оладиган бўлсак, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига ҳудудий бошқармаларга қарашли тиббий-санитария бўлими томонидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган аҳоли сони (ишчилар, уларнинг болалари ва нафақахўрлар), демографик маълумотномага асосан, жами – 30 610 нафар кишини ташкил қилади, — дейди “НКМК жамғармаси” ДМ тиббий-санитария бўлими бошлиғи Алишер Тўқсанов. — Уларга тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларида замонавий талаблар даражасида тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш учун барча зарур иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, 2020-2023 йилларда тиббиёт муассасаларимиз моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида 200 дан ортиқ замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди.

2024 йилда ҳам универсал ангиограф, МРТ ва бошқа замонавий тиббий асбоб-ускуналар олиш режалаштирилган. Шунингдек, соҳа ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш мақсадида тизимимиздаги 100 нафардан ортиқ шифокорларимиз турли марказий ҳамда хориж клиникаларида малака оширишиб, Россия, Полша, Жанубий Корея, Франция ва бошқа хорижий давлатлар етакчи клиникалари мутахассисларини жалб қилган ҳолда маҳорат дарслари ташкил этилди.

Мазкур чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, бугун бўлим шифокорлари томонидан республикамизнинг етакчи клиникалари мутахассисларини жалб қилган ҳолда бош мияда, умуртқа поғонасида, периферик нерв толаларида мураккаб жарроҳлик операцияларини ўтказиш ўзлаштирилди. Шунингдек, йирик бўғимларда юқори технологияли операциялар ўтказилиб, чаноқ-сон ва тизза бўғими эндопротезлаш амалиётларида ижобий ва функционал натижаларга эришилмоқда. Ушбу амалиётлар натижалари асосида илмий ишлар олиб борилмоқда.

— Ўтган йили муассасамиз шифокорлари томонидан 50 дан ортиқ факоэмулсификация – кўз гавҳарини тиғ теккизмасдан алмаштириш амалиёти ўтказилди, — дея давом этади А. Тўқсанов. — Ихтисослаштирилган даволаш бўлимида комбинат ишчи-ходимлари касалликларини даволашга қўшимча аппаратли ва аппаратсиз плазмоферез муолажаси – қондаги плазмани маълум миқдорда ажратиб олиб ташлаш асосида организмни кераксиз моддалардан тозалаш усули йўлга қўйилиб, 300 дан ортиқ плазмоферез муолажаси ўтказилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, кончиларнинг тиббий хизмат сифатининг яхшиланиб, унинг барча бўғинлари моддий техник базасининг мустаҳкамланиши, замон талабидаги тиббий техникалар билан таъминланиши Қизилқумдаги олис ҳудудлардаги аҳолига ҳам самарали тиббий хизмат кўрсатишни тақдим этмоқда. Хусусан, Зарафшон шаҳридаги тиббий санитария бўлимининг МРТ, МСКТ, маммограф, рақамли рентген аппаратлари билан таъминланиши ҳамда “Гемодиализ” (сунъий буйрак аппарати) муолажасининг йўлга қўйилиши Зарафшон, Учқудуқ ва Томди туманлари аҳолисининг мазкур аппаратлар ёрдамида муолажаларни ўз ҳудудларда олишларига имкон яратди.

Матбуот анжуманида “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси тасарруфидаги маданият муассасалари ҳамда спорт клублари мутасаддиларининг ҳисоботи тингланиб, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер