Қийшиқоёқ фаришта ёхуд айримлар Пеледан ҳам устун деб ҳисоблаган футболчи ҳақида нималарни биламиз?

10:29 13 Ноябрь 2020 Спорт
871 0

Гарринча (асл исм-шарифи Мануэл Франсиску дус Сантус) — бразилиялик футболчи. 1933 йилда туғилган. 1983 йилда вафот этган. Футбол тарихида дунёнинг энг кучли ўнг қанот ҳужумчиси саналади. У ўтказилган сўровларга кўра, жаҳоннинг 20-асрдаги энг кучли футболчилари рўйхатида 8-ўринни, Жанубий Америкадаги энг кучли «чарм тўп усталари» орасида эса 4-ўринни эгаллаган. Бразилия миллий футбол тарихида Гарринча Пеледан кейин иккинчи энг зўр ўйинчи саналади. Айримлар эса уни маҳорат бобида Пеледан ҳам устун деб билишади. ”Халқ қувончи”, "Қийшиқоёқ фаришта", "Футболнинг Чарли Чаплини", "Буюк оқсоқ" деган лақаблари бор.

Мухлислар ҳимоячини калтаклашларига бир баҳя қолганди

Гарринча оилада бешинчи фарзанд эди. У туғма нуқсон билан дунёга келганди. Жумладан, умуртқа деформацияси билан туғилганди. Бунинг устига чап оёғи ўнг оёғига қараганда 6 сантиметр қисқа эди. Табиийки, уни жарроҳлик столига ётқизишган. Бироқ бунинг нафи тегмаган. Шифокорлар тик оёқда юришининг ўзи болакай учун бахт деб ҳисоблашган.

Оила жуда камбағал эди. Акаси билан опаси касаллик ва очликдан вафот этишган. Шу боисдан Мане болалигидан ота-онасига ёрдамлашар, ўрмондан мева, айниқса, ўткир ҳидли бананларни териб, бозорда сотарди. Отаси Амаро заводда қоровуллик қилар, ичкиликка муккасидан кетганди. Манега шу зарарли одат отасидан мерос бўлиб ўтди. 10 ёшида спиртли ичимликларни қўлига олди. Шу билан бирга футбол унинг жону дили эди. Майдонда рақибларни бирин-кетин алдаб ўтишни хуш кўрарди.

1941 йилда Гарринча мактабда ўқишни бошлади. Бироқ 4-синфгача таълим олди, холос. 14 ёшга кирганида фабрикага ишга кирди. Бу корхонанинг «Пау-Гранди» деган ҳаваскор футбол жамоаси бўларди. Шу клубнинг ёшлар жамоасида ўйнади. Майдонда уни тўхтатиб бўлмасди. Дангасалиги учун фабрикадан ҳайдалганида корхона раҳбари унинг футболчи сифатидаги иқтидорини ҳисобга олиб ишга қайтарганди.

16 ёшга кирганида қаҳрамонимиз шу клубнинг катталар жамоаси аъзосига айланди. «Крузейро ду Сул» жамоасига қарши кечган дебют ўйинида у бир нечта гол муаллифи бўлди. Жамоаси 8:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўша палладаёқ уни мураббий ўнг қанотда ўйната бошлади. Учрашувлардан бирида Мане «Раис-да Серра» клубининг барча ўйинчиларини алдаб ўтиб, голли пас берди. Шундан сўнг аламзада рақиб ҳимоячиларидан бири унга қарши ўта қўпол ўйнади. Бу ҳолга чидай олмаган «Раис-да Серра»нинг мухлислари Гарринчанинг ёнини олиб, ҳимоячини дўппослашларига бир баҳя қолди.Гарчи, рақиб жамоа сафида ўйнаётган бўлса-да Гарринчанинг ўйини уларга жуда манзур бўлаётганди.

Кўрикка бутсисиз келганди

Гарринча ажойиб ўйини сабаб катта клублар назарига тушди. ”Фламенго” ва "Флумененсе" клублари кўригида бўлди. Бироқ иккаласи ҳам клуб молиявий ҳолатининг ёмонлиги ва Маненинг қийшиқоёқлилиги туфайли у билан шартнома тузишни рад этишди. ”Васко да Гама” клуби эса бутсисиз келгани учун уни кўрикдан ўтказишдан бош тортди.

20 ёшга кирганида Гарринчи "Ботафого" клубининг собиқ ўйинчиси Аратининг назарига тушди. Арати дўстлари билан Пау-Гранди шаҳрига ўйинга ҳакамлик қилгани келганди. Бир ўйинда тўртта гол урганини кўрган бу инсон Гарринчага бутси ва спорт либоси сотиб олиб берди. Уни мураббий Жентилу Кардозанинг олдига олиб борди. 1953 йилнинг 10 июнида Мане «Ботафого»нинг катталар жамоасида кўрикдан ўтди. Кўрик олдидан «Сенга қарши Бразилия терма жамоасининг чап қанот ҳимоячиси Нилтон Сантос тўп суради», дея огоҳлантиришди. Машғулот чоғида Гарринча тўпни Нилтоннинг икки оёғи орасидан ташлаб, уни алдаб ўтди. Худди шу финт билан номдор футболчини уч бор доғда қолдирди. Бундан Нилтон чинакамига ҳайратга тушди.

— Хафа бўлишнинг ўрнига у менинг қошимга келиб, «Яша, йигит!», деди, — дея эслаганди кейинчалик Гарринча. — У менинг футболдаги тутинган отам бўлди. Агар ҳаёт йўлимда Нилтонга ўхшаган инсонлар кўпроқ учраганида бошимдан бу қадар кўп кўргиликларни ўтказмаган бўлардим.

Машғулот тугаганидан кейин Нилтон нима сабабдандир майдон четида кўринмаган мураббий Кардозанинг олдига боради ва «Агар бу йигитча бошқа клубда ўйнаса, мен хотиржам ухлай олмайман. Агар у бизнинг жамоага қўшилса, унда бошқа жамоаларнинг ҳимоячилари ухлай олишмайди», дейди. Шу гапдан сўнг мураббий ҳаммани стадионга қайтариб, машғулотни қайтадан бошлайди ва 20 дақиқадан кейин Нилтоннинг Гарринча ҳақидаги сўзларига жон борлигига ишонч ҳосил қилади.

Бунақаси дунё футболида учрамаган

Қаҳрамонимиз «Ботафого» сафидаги дастлабки мавсумидаёқ 26 та ўйинда 20 та гол урди. Рио-де-Жанейро чемпионатидаги иккинчи тўпурарга айланди. 1957 йилга келиб, «Ботафого»ни журналист Жоан Салдиня бошқаришга киришди. У қилган дастлабки иш Гарринчага майдонда эркинлик бериш бўлди. ”Йигитлар, жарима майдонимиздан бошлаб рақиб дарвозасигача бўлган ўнг қанотни кўряпсизларими? — деди у. — Шу ерга, ўнг қанотга бирортанг ҳам бурнингни суқмаслигинг керак. Бу — Мане Гарринчанинг коридори. Қолганлар майдон маркази ва чап қанотда ўйнаши даркор. Манега яқин келишни хаёлингизга ҳам келтирманг. Ўнг қанотда у хоҳлаганини қилсин. Сизларнинг вазифангиз ундан пас кутиш ва дарвозага зарба йўллашдан иборат”.

Ана шундан сўнг жамоанинг ўйинида кескин бурилиш юз берди. «Ботафого» 9 йиллик танаффусдан кейин илк бор Рио чемпионатида ғолиб чиқди. Мане биринчиликнинг энг кучли ўйинчиси деб топилди.

Гарринча ҳалол ўйин қоидасини Бразилияда қўллаган дастлабки футболчи саналади. Бу 1961 йилда «Флумененси»га қарши кечган учрашувда рўй берганди. Ўшанда рақиб ҳимоячиси жароҳат сабаб майдонга йиқилган, Гарринча бу вазиятдан фойдаланиш ўрнига ўша ўйинчига тиббий ёрдам кўрсатилиши учун тўпни майдон ташқарисига тепиб юборганди.

Умуман, унинг фаолиятида ақл бовар қилмас вазиятлар кўп учраган. Масалан, олтин медаль тақдири ҳал бўлаётган 1962 йилги учрашувларнинг бирида Гарринча рақиб ҳимоячисини қанотда туриб бир неча бор шунақанги алдаб ўтдики, охир-оқибат у мувозанатини йўқотиб йиқилиб тушди. Шунда ҳакам «Агар ўйинчини мазах қилишда давом этсанг, майдондан четлатаман», деди жиддий тарзда. Рақиб футболчиси эса ҳакамнинг олдига келиб, Гарринча уни мазах қилмаётганини тушунтира бошлади. Бунақанги ғалати ҳолат дунё футболида учрамаган, десак ишонаверинг.

Шу мавсумда икки нуфузли компания ўтказган сўровга кўра, қаҳрамонимиз мамлакатнинг энг кучли футболчиси деб топилди ва автомашина билан тақдирланди. Худди шу йилда Нилтон Сантос уни йирик банкир Жозе Луис Линс билан таништирди. Кейинчалик бу инсоннинг унга кўп ёрдами тегди.

Ажабланарлиси, 1963 йилга қадар Мане бирор бир ёзув бўлмаган тоза қоғозга қўл қўйиб берар, шартномада кўзда тутилган пулнинг ярмигина унинг чўнтагига кирарди. Банкирнинг аралашуви билан бу ҳолга барҳам берилди. Аммо жароҳатлар туфайли қаҳрамонимиз аста-секин муаммолар гирдобига тушди. Жамоа шифокорининг «Уч ой даволаниши керак», деганига қарамай, клуб президенти унинг майдонга қайтишини, Франция ва Италиядаги турнирларда иштирок этишини талаб қилди. Чунки Гарринчанинг ўйини клуб ғазнасини тўлдирарди. Оқибатда у оғриқ қолдирувчи укол олган ҳолда майдонга тушади. Бу эса шусиз ҳам тез-тез безовта қилиб турган оёғидаги оғриқларни кучайтирди. Айтишларича, айрим учрашувлардан сўнг Гарринчани майдондан кўтариб олиб чиқиб кетишган.

Гарринча терма жамоада қандай ўйнаганди?

Шу ўринда унинг Бразилия терма жамоасидаги фаолияти хусусида ҳам сўз юритиш фойдадан холи эмас. У 1955 — 1966 йиллар давомида терма жамоа сафида 60 та ўйин ўтказиб, 17 та гол киритди. Мане билан бразилияликлар фақат битта учрашувдагина мағлуб бўлишган. Гарринча учта жаҳон чемпионати ва иккита Жанубий Америка биринчилиги қатнашчиси саналади.

1958 йилги жаҳон чемпионатига биласиз, Швеция мезбонлик қилган. Бразилияликларнинг мундиал саралаш босқичида Перу терма жамоасига қарши кечган жавоб учрашуви 1:0 ҳисобида тугади. Ўшанда Гарринчага ишлатилган қўполликдан сўнг Диди жарима тўпини қойилмақом қилиб бажарганди. Эртасига газеталардан бири «Гарринча билан Диди ўз жамоасига Швеция сари йўл очмоқда», дея ёзганди.

Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Италиянинг «Фиорентина» клубига қарши ўтказилган назорат учрашувида Гарринча рақиб уч ҳимоячиси ва дарвозабонни алдаб ўтди. Тўпни бўш турган дарвозага йўллаш ўрнига ҳимоячи Роботтининг етиб келишини кутиб турди. Етиб келгач, уни ҳам алдаб ўтди. Шунақанги алдамчи ҳаракат қилдики, шўрлик ҳимоячи йиқилиб лат емаслик умидида дарвоза тўсинини қучоқлаб қолди. Гарринча шундан сўнггина тўпни дарвозага йўллади. Жамоадошлари, айниқса, терма жамоа сардори Беллини унинг бу ҳаракатини масъулиятсизлик деб ҳисоблади. Мамлакат футбол федерацияси раҳбарлари ҳам шу фикрга қўшилиб, уни жаҳон чемпионатига олиб бормасликка қарор қилдилар. Лекин «Ботафого» клуби ҳамда терма жамоанинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи Пауло Амарал «Гарринча буни рақибни назар-писанд этмасликдан ёки масъулиятсизликдан эмас, кўзни қувонтирадиган қувноқ футбол кўрсатиш мақсадидан келиб чиқиб қиляпти», дея уларнинг фикрини ўзгартира олди.

Жаҳон чемпионатининг Англия ва Австрия терма жамоаларига қарши кечган дастлабки икки ўйинда Пеле билан Гарринча майдонга тушмади. Чунки бу икки ёш футболчини мураббий Висенте Феола тамоман индивидуал ўйинчи деб ҳисобларди. Аммо гуруҳнинг СССР терма жамоасига қарши кечадиган учинчи ўйини олдидан тажрибали футболчи Нилтон Сантос мураббий олдига келиб, аввалги икки футболчига қараганда Пеле билан Гарринча яхшироқ ўйнаган бўларди, деб айтади. Бу таклифни бошқалар ҳам қўллаб-қувватлашади. Кейинчалик эса бундай гап-сўз бўлмагани айтилди. Бошқа бир фаразга кўра, Гарринчанинг ўзи Феолонинг ҳузурига келиб, «Ё мени русларга қарши бўладиган ўйинга майдонга туширасиз ёки мен ҳозироқ уйга қайтиб, итальян клуби билан шартнома тузаман», дея мураббийни чўчитади. Яна бир тахминга кўра, Феоло ўзининг ностандарт ҳаракатлари билан руслар ҳимоя чизиғини саросимага солсин, деган мақсадда Гарринчани асосий таркибда майдонга туширган.

Нима бўлганида ҳам бу тўғри қарор эди. Учрашув аввалидаёқ бразилияликлар Гарринча ҳаракат қилаётган қанот орқали Лев Яшин қўриқлаётган СССР терма жамоаси дарвозасига бир нечта хавфли ҳужумлар уюштиришди. Ҳимоячи Кузнецов ҳамда Войнов ва Крижевскийдан ўзиб кетган қаҳрамонимиз ҳатто бир гал кучли зарба билан дарвоза тўсинини нишонга олди. 3-дақиқага келиб унинг узатмасидан кейин Вава гол киритди. Француз журналистларидан бири учрашувдан сўнг шу ҳужумларга «Футбол тарихидаги уч энг ажойиб дақиқа» дея таъриф берганди. Иккинчи бўлимда Вава яна Гарринчанинг пасидан кейин гол киритиб, дубль муаллифи бўлди.

"Жаҳон чемпионатида Гарринча билан Пеле ажойиб ўйнашди, — дея ёзганди ўтмишнинг таниқли футболчиларидан бири Виктор Царёв. — Уларга Аллоҳ томонидан ноёб иқтидор берилган.Гўё Аллоҳнинг ўзи одамларга тўп билан нималар қилиш мумкинлигини кўрсатишни хохлаётган эди. Гарринча бизнинг ҳимоя чизиғимизга чинакамига даҳшат солди. Тўпни тоза олиб қўйиш у ёқда турсин, уни ҳатто йиқитиш ҳам мушкул эди.Тўпни назорат қилгани ҳолда таъқибчисидан тезкорлик билан ўзиб кетарди".

Чорак финал ва ярим финалда бразилияликлар Уэлс ҳамда Франция терма жамоаларини енгишди. Финалда эса майдон эгалари — Швеция терма жамоаси 5:2 ҳисобида мағлуб этилди. Шу голларнинг иккитаси Гарринчанинг пасидан сўнг киритилди. Хизматлари эвазига у жаҳон чемпионати рамзий терма жамоаси рўйхатига киритилди. Мундиалдан қайтибоқ Гарринча қадрдон шаҳри Пау-Грандига йўл олди ва севимли барига кириб, хўрандаларнинг барча қарзини тўлади-қўйди.

«Гарринча ўзи қайси сайёрадан?»

Бу муваффақиятни у орадан тўрт йил ўтиб Чили мезбонлик қилган навбатдаги жаҳон чемпионатида такрорлади. Гуруҳ босқичининг иккинчи ўйинида Пеле жароҳат олиб сафдан чиқди. Етакчилик Гарринчанинг зиммасига тушди. Гуруҳнинг Испанияга қарши кечган ҳал қилувчи ўйинида у рақибларини ортда қолдириб, тўпни қулай вазиятда турган Амарилдога оширди.Натижада ғалаба тўпи киритилди. Чорак финалда Гарринча иккита гол йўллаб, битта голли пас берди. Шу тариқа Англия терма жамоаси 3:1 ҳисобида мағлуб этилди. Ярим финалда эса майдон эгалари — чилилик футболчилар тиз чўктирилди- 4:2. Бу учрашувда Гарринча иккита тўп киритди, бундан ташқари Вавага голли пас берди. Эртасига Чили газеталаридан бири «Гарринча ўзи қайси сайёрадан?» деган сарлавҳа билан чиқди.

Шу учрашувда мундиал тарихида учрамаган яна бир ҳолат рўй берди. Гарринча ўйин охирида чилилик Рохаснинг навбатдаги қоидабузарлигига жавобан саҳнадаги актёр ролига кириб ҳазил тариқасида қўпол ҳаракат қилди. Икковининг ўзаро қўл ташлашларига ва чилилик футболчиларнинг бу ҳазилни тўғри тушуниб кулишганига қарамай, перулик ҳакам Артуро Ямаски кутилмаганда Гарринчани майдондан четлатди. Унинг финалда ўйнамаслиги муқаррардек эди. Аммо Бразилиянинг ўша пайтдаги президенти уни ўйиндан четлатмасликларини сўраб Чилига телеграмма юборди. Мамлакат футбол федерацияси раҳбари бўлган Жоао Авеланж ўша ҳолатга яқин турган қанот ҳакамидан кўрсатма беришни сўради. Ўйиндан четлатиш билан боғлиқ вазиятни тартиб-интизом комиссияси кўриб чиқди ва ҳакамнинг қарорини нотўғри деб топди. Шу тариқа Гарринчанинг дисквалификацияси бекор қилинди. Унга финал учрашувида майдонга тушишга рухсат берилди. Бунақаси жаҳон чемпионатлари тарихида учрамаганди.

Финал баҳсида Гарринча ва унинг сафдошлари Чехославакия терма жамоасини мағлуб этиб, шоҳсупага кўтарилишди. Қаҳрамонимиз эса турнирнинг энг кучли футболчиси деб топилди.

«Мане схемаларсиз ўйнайди»

Гарринча жуда катта техникага эга, алдамчи ҳаракатлар устаси эди. Бўйи у қадар баланд эмас, букилиб юрарди. Ташқи кўриниши жаҳон футболи юлдузлариникидан тамоман фарқ қиларди. Айрим мутахассислар унинг техникасини Бразилия футболининг мағзи деб аташади. Бу гапда жон бор. Қай бир мураббий унга майдонда эркинлик бериб қўйса, албатта, муваффақиятга эришган. Зеро, Гарринчанинг индивидуал маҳорати бу туғмадир. Бутун гавдаси билан алдамчи ҳаракат қилмоқ унинг суюмли финти эди. Оёқлари узунлигининг ҳар хиллиги шунга имкон берарди. Икки оёқда ҳам кучли зарба йўллай оларди. Жарима тўпларини қойилмақом тепарди. Ўз фаолиятидаги учта голни у бурчак тўпидан дарвозага киритганди.

Гарринчанинг ўйинини театр томошасига ўхшатишарди. ”Халқ қувончи”, «Футбол Чаплини» деб аташарди. Мана, бир мисол.”Ботафого” жамоаси сафидаги бир учрашувда у қанот бўйлаб рақибларини бирин-кетин алдаб ўтаркан, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборади. Аммо ҳакам азбаройи Гарринчанинг алдамчи ҳаракатларини кўришни хоҳлаганиданўйинни тўхтатмайди.

«Футбол Чаплини»нинг майдондаги ягона камчилиги жамоавий ўйин интизомига риоя этмаслиги деб қараларди. ”Ботафого” бош мураббийи Зезе Морейра уни ўзгартиришга уриниб кўрганди. Машғулот чоғида майдон марказига стулни қўйиб, «Буни рақиб ўрнида кўр ва уни алдаб ўт» дея кўрсатма берганди. Шунда Гарринча стул атрофида тўп билан бир неча бор алдамчи ҳаракатлар қилиб, кейин дарвозага зарба йўллаганди. Мураббийнинг тан бериб, «Гарринча схемаларсиз ўйнайди», демоқдан ўзга иложи қолмаганди.

Хайрлашув ўйини

Биз бир мақолада Гарринчадек камёб ва ўзига хос футболчининг бутун ҳаёти ва фаолиятини қамраб ололмаймиз, албатта. Унинг хайрлашув ўйини ҳақида тўхталиш эса шарт, назаримизда. Бу учрашув 1973 йилнинг 18 декабрида «Маракана» ўйингоҳида бўлиб ўтганди. Ўшанда асосан охирги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан футболчилардан таркиб топган Бразилия терма жамоаси ФИФА терма командасига қарши майдонга тушганди. ФИФА терма жамоаси сафида номлари бизга яхши таниш Онишенко, Олшанский ва Ловчев бор эди. Хайрлашув матчини бевосита стадиондан кўргани 131 мингдан зиёд мухлис келди. Ўйин олдидан майдонда анвойи гуллар билан ёзилган «Мане — халқ қувончи», деган сўзларни ўқиш мумкин эди.

Гарринча учрашувнинг биринчи бўлими ўртасида алмаштирилди. Унинг майдонни тарк этаётганини англатувчи ҳакам ҳуштаги янграганида Гарринча йиғлади. Кейин трибуна остидаги бинога кириб кетди. Ўйин 2:1 ҳисобида бразилияликлар фойдасига ҳал бўлди. Учрашувдан тушган маблағ шахсан Гарринчага берилди. Шу пул ҳисобидан у қарзларини тўлади. Бир қисмини фарзандларининг ўқиши учун сарфлади. Уй, автомобиль ва бошқа харидлар қилди.

Ҳаёт денгизидаги мағлубият

Ҳаётни қайсидир маънода денгизга ўхшатиш мумкин. Эпини қилган бу денгизда ўз кемаси билан нурли манзилларга сузиб боради. Уддасидан чиқмаган эса шиддатли тўлқинлараро ғарқ бўлиши тайин. Футбол майдонида мана ман деган рақибларни доғда қолдирган қаҳрамонимиз афсуски, ҳаёт денгизида равон суза олмади. Адолатсизликлар олдида қаддини ғоз тута билмади. Ичкиликка берилди. Бир неча бор автомобиль авариясига учради. Футболчилик фаолиятининг якуни ҳам яхши бўлмади. Турли клубларда ўйнади. Омади келмади. Шахсий ҳаёти ҳам силлиқ кечмади. Бир эмас, бир неча бор уйланди. Турли хотинлардан камида 14 фарзанди бор, алимент тўлашдан боши чиқмади, десак буёғини тушуниб олаверинг.

Умрининг охирги йилларини қашшоқликда ўтказди. 1978 йилда «юрак етишмовчилиги» ташхиси билан шифохонага тушди. Орадан бир йил ўтиб, жигар церрозига учрагани маълум бўлди. 1982 йилда соғлиги янада ёмонлашди. Шифохонадан чиққач, яна ичкиликка берилди. 1983 йилнинг 18 январида уйга аранг кириб келди. Яна шифохонага олиб кетилди. 20 январда ҳаётдан кўз юмди.

Гарринча билан видолашув Бразилиянинг машҳур «Маракана» стадионида бўлиб ўтди. Тобут «Ботафого» клуби ва Бразилия байроқлари билан ўралган эди. Маросим футболчини сўнгги йўлга — қадрдон шаҳри Пау-Грандидаги Раиз да Серра қабристонига кузатиш билан якунланди. Тобут ортида 300 минг нафар кишини кўриш мумкин эди. Қабри тошида «Бу ерда халқнинг қувончи бўлган Мане Гарринча дафн этилган» деган ёзув бор.

***

Гарринчадек ўта иқтидорли футболчини унутмоқ мушкул, албатта. Бразилия пойтахтидаги стадионлардан бирининг номи унинг шарафига “Эстадио Манэ Гарринча” деб аталган. У ҳақида кўплаб фильмлар яратилган. 2010 йилнинг 25 январида “Ботафого” клуби стадионининг ғарбий трубинаси яқинида Гарринчанинг 2,5 метрлик ҳайкали тантанали тарзда ўрнатилди. Уни атайин яқин дўсти Нилтон Сантоснинг ҳайкали билан ёнма – ён қўйишган.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?