Қашқадарёда жамоат транспорти хизмати учун замонавий 43 та автобус харид қилинди

10:29 13 Январь 2026 Жамият
218 0

Қашқадарё вилоятида аҳолига жамоат транспорти хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари томонидан яна 43 та замонавий автобус олиб келинди.

Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган ушбу автобуслар энг сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, ҳайдовчи ва йўловчилар учун барча зарур шарт-шароитларга эга. Жумладан, транспорт воситалари замонавий иситиш ва совитиш тизимлари билан таъминланган.

— Шунингдек, ҳар бир бекатга кириб келиш чоғида чиқиш-тушиш йўлаклари автоматик тарзда пасайиб, ногиронлиги бўлган ҳамда кекса фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулайлик яратади, — дейди Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Бобур Язданов. — Автобус ҳаракатни бошлаши билан кейинги бекат номи автоматик тарзда эълон қилинади. Йўловчилар сони эса махсус сенсорлар орқали аниқ ҳисоблаб борилади.

Янги автобусларни фойдаланишга топшириш муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимлиги масъуллари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қайд этилишича, мазкур транспорт воситаларининг жамоат транспорти тизимига жорий этилиши аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини янада яхшилаш, қатновлар хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлашга хизмат қилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?