Қашқадарёда туризмни ривожлантиришга хорижлик сармоядорлар қизиқиш билдирмоқда

18:38 18 Октябр 2023 Жамият
491 0

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси доирасидаги тадбирларда Қашқадарё вилояти вакиллари ҳам иштирок этиб, воҳанинг туризм имкониятларини кенг тарғиб қилмоқда. Хорижлик сармоядорлар билан вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришиляпти.

Хусусан, Канаданинг “Clarke Stock“ компанияси Ғузор туманида гастрономик туризмни ривожлантиришга қизиқиш билдирган.

Туман ҳокимининг ўринбосари Нуржаҳон Аҳмадовнинг маълум қилишича, ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича компания вакиллари билан қиймати 4,5 миллион долларлик меморандум имзоланган.

Португалиянинг “Circular Unity“ LDA компанияси эса Ғузорда йирик логистика маркази ҳамда М-39 халқаро йўли (Термиз-Тошкент автомобиль йўли) четида кичик меҳмонхоналар қуришга қизиқиш билдирган бўлса, Россиянинг “Red October Travel“ компанияси туманнинг Пачкамар ҳудудида туристик зона барпо этиш ташаббусини илгари сурган.

Шаҳрисабз туманининг бетакрор табиат манзаралари ҳам чет эллик ишбилармонларни ўзига жалб этмоқда.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Тожикистоннинг “Марко поло”, Индонезиянинг “Traveloka“, Германиянинг ”ECM GROUP“, Россиянинг ”Red October Travel“ компаниялари билан туманнинг Мираки ҳудудида туризм лойиҳаларини амалга ошириш бўйича умумий қиймати 7 миллион долларлик меморандумлар имзоланган.

Бундан ташқари, Қозон шаҳрининг “Казанские канатные дороги” компанияси эса туманнинг Ғелон этно қишлоғида канат йўлини қурмоқчи.

— Ушбу лойиҳага дастлаб 200 миллион долларлик инвестиция киритиш бўйича келишувга эришилди, — дейди Қашқадарё вилояти туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Жавоҳир Тожиев. — Форумдан сўнг компания вакиллари қишлоққа бориб, ҳудудни ўрганишни бошлайди.

Шунингдек, хорижлик ҳамкорлар билан вилоятнинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш, туризм хизматларини йўлга қўйиш ва соҳага доир бошқа масалаларда кўплаб меморандумлар имзоланди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер