«Қашқадарёда гўшт, Хоразмда балиқ, Самарқандда узум»: қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда қайси вилоятлар етакчи?

14:45 23 Февраль 2025 Иқтисодиёт
345 0

Ўзбекистон Республикаси Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2024 йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликлари маҳсулот (хизмат)ларининг умумий ҳажми 467,0 триллион сўмни ташкил этди. Мамлакатнинг турли ҳудудлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда турли йўналишларда етакчилик қилмоқда.

Фарғона вилояти донли экинлар етиштириш бўйича мамлакатда пешқадамлик қилди. Бу ҳудудда 998,5 минг тонна донли экинлар етиштирилиб, мамлакат эҳтиёжини қондиришда катта ҳисса қўшилди. Бу кўрсаткич Фарғона вилоятининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги самарали меҳнатини яна бир бор исботлади.

Сабзавот етиштиришда эса Андижон вилояти етакчи бўлди. 2024 йил давомида мазкур вилоятда 1 миллион 833,7 минг тонна сабзавот етиштирилди. Бундан ташқари, Андижон вилояти мева ва резаворлар етиштириш бўйича ҳам пешқадамлик қилди — бу ерда 699,9 минг тонна мева ва резаворлар йиғиб олинди.

Картошка етиштириш бўйича эса Самарқанд вилояти бошқалардан илгарилаб кетди. 2024 йилда вилоятда 747,6 минг тонна картошка етиштирилди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида 666,1 минг тонна узум етиштирилиб, мазкур маҳсулот бўйича ҳам етакчи ҳудуд сифатида қайд этилди.

Полиз экинлари етиштиришда Сурхондарё вилояти энг юқори кўрсаткичга эришди. Вилоятда 351,5 минг тонна полиз маҳсулотлари етиштирилди. Бу кўрсаткич мамлакат аҳолисини полиз маҳсулотлари билан таъминлашда катта аҳамият касб этди.

Қашқадарё вилояти эса чорвачилик соҳасида етакчилик қилди. Бу ерда 345,9 минг тонна гўшт (тирик вазнда) етиштирилди. Шунингдек, вилоятда 5 миллион 109,7 минг бош қўй ва эчки мавжуд бўлиб, бу кўрсаткич Қашқадарёни мамлакатда қўй ва эчкилар сони бўйича етакчи вилоятга айлантирди.

Самарқанд вилояти сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам етакчи бўлди. Вилоятда 1 миллион 456,0 минг тонна сут олинди. Бундан ташқари, Самарқандда йирик шохли қорамоллар сони ҳам энг кўп — 1 миллион 765,8 минг бошни ташкил этди.

Тошкент вилояти тухум етиштириш бўйича биринчи ўринда турди. 2024 йилда вилоятда 1 триллион 608,1 миллион дона тухум олинди. Шунингдек, Тошкент вилояти отлар сони бўйича ҳам етакчи ҳисобланади — бу ерда 57 минг бош от мавжуд.

Балиқ овлашда эса Хоразм вилояти бошқа ҳудудлардан илгарилаб кетди. Вилоятда 33 минг тонна балиқ овланди, бу эса аҳолини балиқ маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Умуман олганда, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ушбу кўрсаткичлар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси сифатида баҳоланмоқда. Ҳудудлар кесимидаги бу етакчиликлар мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?