Қашқадарёда «Ethno and modern fashion week» халқаро фестивали ўтказилди

14:45 15 Май 2023 Маданият
726 0

Жорий йил 11-13 май кунлари Қашқадарё вилоятида «Ethno and modern fashion week» халқаро фестивали ҳамда этноспорт ўйинлари, гастрономик фестиваль, этно ва замонавий кийимлар халқаро танлови, миллий ҳунармандчилик ва заргарлик ярмаркаси ташкил этилди.

Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбир, мазкур вазирлик томонидан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад, Қашқадарё вилоятига хорижлик ва маҳаллий туристлар оқимини ошириш этнотуризм, гастротуризм ва маданий туризмни ривожлантириш, Ўзбекистон туристик салоҳиятини янада кучайтиришдир.

«Ethno and modern fashion week» халқаро фестивалида Англиялик таниқли дизайнер, «Omar Mansoor» бренди асосчиси Омар Мансур Шейх, «Ladychic Paris» бренди асосчиси франциялик Лопез Артега, креатив дизайнер ва «Х8» бренди асосчиси кореялик Ли Вонкванг, шунингдек, Малайзия, Хитой, Монголия, Россия, Қозоғистон сингари мамлакатлардан мода ва дизайн намоёндалари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан, «Omar Mansoor» бренди асосчиси Омар Мансур Шейх - «Ўзбек миллий кийимлари, уларнинг тайёрланишидаги дид ва ёрқинлик мени жуда ҳайратлантирди ва ўз коллекциям учун ўзбек матоларидан янги ижодий наъмуналар яратиш ғояси туғилди. Бу ерда ўзбек дизайнерлари билан фикр алмашдим. Уларнинг ўзбек модасини жаҳон подюмларига олиб чиқиш учун қилаётган ишларида кўмаклашмоқчимиз. Умид қиламанки, бу борада яхши янгиликлар ярата оламиз», дея таъкидлади.

Дастур доирасида «Миллий ва замонавий мода: назария, амалиёт ва тажриба» мавзуидаги илмий-амалий конференция, модалар намойиши, Яккабоғ туманида этноспорт мусобақалари, миллий таомлар намойиши, маҳаллий уста-ҳунармандлар маҳсулотлари кўргазмаси, «Амир Темур ҳарбий тайёргарлик машқларида» номли театрлаштирилган саҳна кўринишлари, ва маҳорат дарслари ташкил этилди.

Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги диққатга сазовор тарихий жойларга саёҳатлар уюштирилди.

Тадбирлар давомида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари учун пресс-тур ташкил этилиб, Қашқадарёнинг бетакрор туристик манзиллари борасида кенг жамоатчилик учун қизиқарли материаллар тайёрланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?