Қашқадарёда асаларилар нега қирилиб кетяпти?

Дунёда асалга бўлган талаб муттасил ошиб бормоқда. Масалан, глобал бозор тадқиқотлари ва таҳлили соҳасида фаолият юритадиган машҳур “Mordor Intelligence” компанияси мутахассисларининг таҳлилларига кўра, ўтган 2024 йилда дунё бозорида табиий асалнинг улуши 11,08 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. 2029 йилга бориб бу миқдор 14,28 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Мамлакатимиз ҳам бундай табиий ва шифобахш маҳсулотни ишлаб чиқаришда катта салоҳиятга эга. Бироқ, бугунги кунда бу салоҳиятдан Қашқадарё вилоятида унумли фойдаланилмаётгани боис асаларичилик боши берк кўчага кириб бормоқда.
Биз бол етиштиришда юзага келаётган муаммолар, йўқотишларни қашқадарёлик асаларичилар фаолияти мисолида таҳлил этишга ҳаракат қилдик.
Бир кунда ҳаммасидан айрилиш...
Сўнгги йилларда мамлакатимизда асаларичилик тармоғини жадал ривожлантириш бўйича бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда соҳа учун муҳим бўлган кўплаб истиқболли нормалар белгиланган. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 12 июндаги тегишли қарори билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига қишлоқ хўжалиги экинларини асалари билан чанглатиш бўйича қуйидаги вазифалар юклатилган:
- қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш учун асалари билан чанглатиш хизматини кўрсатишни ташкил этиш;
- асаларичилик субъектлари, пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасида тузиладиган шартномалар реестрини юритиш.
Ушбу тартибга кўра, асаларичилик субъектлари қишлоқ хўжалиги экинларидан асал йиғиш билан бир қаторда, уларни чанглатгани учун шартнома асосида хизмат ҳақи ҳам олиши мумкин. Аммо бу тартиб Қашқадарё вилояти мисолида оладиган бўлсак, амалда деярли ишлаётгани йўқ. Чунки маҳаллий фермерлар ва кластер корхоналари раҳбарлари экинни асалари билан чанглатишнинг самаралари ҳақида кўп маълумотга эга эмас. Бу хизмат учун пул тўлагиси келмайди.
Асаларичилар ҳам шартнома асосида экинларни чанглатиб, бу хизмати учун пул олиш ҳақида қайғураётгани йўқ. Шунчаки фермерлар уларга қишлоқ хўжалиги экинлари, асосан ғўзадан асал йиғиш учун имконият беришса, далага кимёвий ишлов беришдан аввал уларни огоҳлантиришса бўлгани. Ҳозирги шароитда эса фермерлар бу ишни ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, ўзбилармонлик билан амалга оширмоқда. Натижада кўплаб асаларичилар бир кунда барча асаларисидан айрилиб, додини кимга айтишни билмай қолишмоқда.
Мисол учун, 2025 йилнинг июн-июль ойларида фермернинг ўз даласига кучли кимёвий препаратларни қўллаши натижасида Қарши туманилик Дилшод Умаров 200 уя асаларисининг барчасини, шу туманлик Толиб Бобоназаров 105 уя асаларисининг 57 фоизини, Азамат Султонов 95 оила асаларисининг 53 фоизини йўқотган.
270 оила асаларисини Нишон туманидаги пахта далаларига олиб борган Алишер Холмуродов ҳамда Баҳодир Бойматовлар ҳам фермернинг огоҳлантирмасдан ўз даласига кимёвий ишлов бериши оқибатида 70 фоиз асаларисидан айрилган.
Шунингдек, чироқчилик Файзулла Янгибоевнинг 170 оила, Элдор Абдиевнинг 80 оила, косонлик Отамурод Дўстмуродовнинг 100 оила, Бобомурод Аслановнинг 30 оила, миришкорлик Сардор Кўчаковнинг 135 оила, Шуҳрат Янгибоевнинг 40 оила, Маҳмуд Однамуродовнинг 36 оила, Дилшод Однамуродовнинг 60 оила, китоблик Ўлмас Азимовнинг 50 оила, мубораклик Қаҳрамон Ғуломовнинг 100 оила асаларилари ҳам худди шундай сабаб билан бир кунда нобуд бўлган. Энг ачинарлиси, бу рақамларни яна давом эттириш мумкин.
—Бу соҳанинг меҳнатини шу ишни қилган одам билади, — дейди асаларисини йўқотган тадбиркорлар. – Биз мавсум учун ҳаракатни эрта баҳордан бошлаганмиз. Апрель-май ойларида асаларини тоғли ҳудудлар, адирликларда олиб юрамиз. Ёзга келиб у жойларда гуллар қолмайди. Ноилож пахта далаларига келишга мажбур бўламиз. Шунча машаққат билан бу ерга келиб, бир кунда барча асаларимиздан айрилиш алам қилади-да, одамга. Фермер бизни огоҳлантириб, бир кун муҳлат берса, бир кечада олиб чиқиб кетар эдик-ку, ариларимизни.
Янги қонунга эҳтиёж сезилмоқда
Қашқадарё вилоят асаларичилар уюшмаси раиси Равшан Бойматовнинг айтишича, асаларичилик қишлоқ хўжалигидаги барча тармоқлар ичида энг даромадли ҳисобланади.
—Масалан, битта оила 20 уя асалари боқса йилига камида 800 килограмм асал олади, — дейди у. – Бугунги бозор нархида бу 64 миллион сўм пул дегани. Ваҳоланки, 20 уя асалари учун бир киши баҳор ва ёзда нари борса 6 ой меҳнат қилса бўлгани. Яна қайси соҳадан кўп куч ва ресурс сарфламасдан туриб шунча даромад олиш мумкин?! Аксарият ҳудудларимизда бунинг учун шароит бор. Лекин шунга қарамай, одамларимиз бу ишни самарасиз тармоқ сифатида билишади. Негаки ҳудудидаги битта фермер ёки томорқачининг огоҳлантиришсиз ўз даласига кучли кимёвий ўғитларни сепиши натижасида бор асаларилар нобуд бўлиши мумкин.
Равшан Бойматов шунингдек, сўнгги йилларда асаларичиликни ривожлантириш бўйича ҳукуматимиз томонидан кўплаб ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар қабул қилингани, бироқ асаларичиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, уларга етказилган зарарнинг миқдорини белгилаб, айбдордан ундириш имконини берадиган ягона норма йўқлигини ҳам таъкидлади.
—Фермернинг огоҳлантиришсиз даласига кимёвий ишлов бериши натижасида катта зарар кўрган бир қатор асаларичиларимиз бу борада судга ҳам мурожаат этишди, — дейди у. – Лекин ютқизишди. Негаки, фермер ёки кластернинг зиммасида далага кимёвий ишлов беришдан олдин ҳудуддаги асаларичиларни огоҳлантириш билан боғлиқ бирор-бир мажбурият йўқ. Бу ҳамон виждон иши бўлиб қолмоқда. Суд эса ҳужжатларга қараб иш юритади. Агар фермерлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари билан асаларичилар ўртасида муносабатларни ҳуқуқий асословчи бирор-бир меъёрий ҳужжат бўлганида, фермерлар ҳам озгина масъулият сезганида, бу тармоқ жадал ривожланиб кетган бўларди. Ҳозир эса муносабатлар аросатда депсиниб турибди.
Мақолани тайёрлаш асносида кўплаб асаларичилик субъектлари раҳбарлари, оилавий тадбиркорлар билан ҳам суҳбатлашдик. Уларнинг айтишича, соҳада муаммолар кўп. Лекин, экинларга кимёвий ишлов берилиши натижасида асалариларнинг оммавий қирилиб кетаётгани бу жуда ачинарли ҳол. Хўш, бу муаммога ечим топиладими? Соҳага алоқадор мутасадди раҳбарлардан аниқ жавоб кутамиз.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ,
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг