Қашқадарёда «ақлли» қўл протези яратилди

19:15 24 Июнь 2024 Жамият
384 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали доценти, техника фанлари бўйича фалсафа доктори Қудратжон Зоҳиров фикр кучи билан бошқариш мумкин бўлган ва сунъий интеллект асосида ҳаракатланадиган қўл протезини яратди.

«Ақлли» протезнинг кўриниши оддий протезлардан фарқ қилмайди. Фақат унга махсус дастурий таъминотга эга сенсор ҳамда сенсор орқали берилган буйруқларни амалга оширадиган механизм ўрнатилган. Протез қўлнинг нуқсонли қисмига, сенсор эса соғ қисмига ўрнатилади. Сенсор инсон миясидаги фикрни мушаклар орқали келаётган электромиография сигнали орқали ўқиб, аппаратга буйруқ юборади. Натижада, механизм ҳаракатга тушади. Содда қилиб айтганда, сиз стол устидаги ручкани олиб, дафтарга ёзмоқчисиз. Шу ҳақда ўйлашингиз билан ручкага қўл узатасиз. Пртотездаги панжалар дарҳол ҳаракатга келиб, ручкани тутади ва ёзишни бошлайди.

— Бундай технология жаҳонда мавжуд, — дейди Қудратжон Зоҳиров. — Бироқ уларнинг дастурий таъминоти, ишлаш механизмлари ва функциядорлиги бир-биридан фарқ қилади. Ушбу турдаги қурилмаларни маҳаллийлаштириш орқали анча маблағ тежалиши мумкин. Айни пайтда бу технологияни янада мукаммаллаштириш устида иш олиб бораяпмиз. Шундан сўнг патентлаш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш босқичларига ўтиш мумкин.

Ёш олимнинг айтишича, бундай протезларни юртимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали уларнинг бир неча баробар арзонлаштириш ҳамда ногиронлиги бўлган минглаб одамларнинг ҳаётини анча осонлаштириш мумкин.

Бундан ташқари, Қудратжон Зоҳиров жамоаси билан биргаликда спорт курашида спортчиларнинг ҳаракатларини масофавий таҳлил ва назорат қилиб бориш имконини берадиган технология яратиш устида ҳам иш олиб бормоқда. Мазкур лойиҳада кураш спорти билан шуғулланувчи спортчиларнинг турли усуллар ва техник машқларни бажаришлари давомидаги ҳаракатларини таҳлил қилувчи дастурий восита яратилади. Дастурий восита сунъий интеллект асосида ишлайди, яъни, спортчининг жисмоний ҳолати қай даража эканини башорат қилади.

Эътиборли томони, тадқиқотчи мазкур лойиҳа учун 500 миллион сўм миқдоридаги давлат дастурлари доирасидаги грантни ҳам қўлга киритибди.

— Ушбу молиявий кўмак ишимиз учун зарур технологияларни харид қилиш ва изланишларни изчил давом эттиришимиз учун жуда катта қўллаб-қувватлов бўлди, — дейди тадқиқотчи. — Айни пайтда бу лойиҳанинг илмий ечимлари устидаги ишларимиз якунланди. Энди дастурий восита ҳамда зарур механизмларни яратишга киришамиз. Йил сўнгига қадар ушбу технологияни яратиш ишларини ҳам тўлиқ якунлаймиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?