Қарзга ботса ҳам тўй тўйдек бўлсинми?
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Халқимиз топганини тўйга йиғади. Яхши ният билан элга дастурхон ёзади. Одамларни меҳр-оқибатга, аҳил-иноқликка, яхшиликка ундайдиган тўй-томошалар кимўзарга айланмаслиги керак.
Хабарингиз бор, яқинда Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида тўй машиналарининг катта автомагистраль йўлдаги антиқа томошаси ижтимоий тармоқларни “портлатди”. Келин-куёвнинг машинаси тўқнашиб, тўй азага айланди... Не-не орзу-умидлар билан тўй қилган оила эгалари фарзандларини чидаб бўлмас азоб билан совуқ тупроққа топширди. Хўш, бунга ким айбдор? Наҳот, ўткинчи ҳою ҳавасларга берилиб, қатор қимматбаҳо машиналар билан юқори тезликда шаҳар айланган ёшларни тартибга чақириб қўядиган бирорта кайвони топилмади? Куёвнинг отаси эркатой ўғлига дакки берганда, келин томондагилар тўйни ихчамроқ ўтказилишига розилик беришганда эҳтимол, бунақа кўнгилсизлик бўлмасди.
Мана бу воқеа ҳам юракни ларзага солади. Қишлоқларнинг бирида ҳеч қаерда ишламайдиган келин куёвдан “загс” машиналари энг қимматбаҳо ва бир хил рангда бўлишини талаб қилади. Ота-онасининг бутун умр тўплаган маблағига уйланаётган куёвга бу оғир синов бўлди. Ноилож, тўйда қиммат нархда ижарага олинган машиналар хизматда бўлиб, келин-куёвни шаҳар айлантирди. Тўйдан кейин қарзни узиш масъулияти яна куёвнинг оила аъзоларининг гарданига тушди. Ёш келинни уйда қолдириб, куёв хорижга иш излаб кетди. Ота қарзни узиш учун мардикор бозорига чиқди.
Бир кунлик тўй учун бутун умр азоб чекиш қанчалик тўғри? Бизга бунча дабдабабозлик, исрофгарчиликларни нима кераги бор? Бу ҳашамлар янги оила пойдеворини мустаҳкам бўлишига қанчалик хизмат қилади? Қудалар ўртасидаги совуқчилик, ёш оилалар ўртасидаги “қўйди-чиқди”лар ҳам айтишга арзимас, аммо одамларга “кўз-кўз” учун бериладиган сарполар, оддий ёғочдан ясалган уй жиҳозларининг қаердан келтирилганига бориб тақалаётгани жуда ачинарли.
Фарғона вилояти адлия бошқармаси маълумотига қараганда, биргина жорий йилнинг ўтган 9 ойида вилоятда 3629 та оилавий ажримлар қайд этилган. Бошқа ҳеч бир жиҳатини инобатга олмаган тақдирда ҳам мазкур рақам салмоғини тасаввур этишнинг ўзи даҳшат!
Умумий ажримнинг 1280 таси ўртада вояга етмаган фарзандлари бўлмаган ва томонлар яхшиликча ўзаро келишиб олганлар ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, 2226 та ажрим эр-хотин биринчи никоҳда бўлиб, лекин иккинчи маротаба оила қурган. Суд қарори билан орани очиқ қилганлардир. Афсуски, дабдабали тўйдан кейин арзимас муаммолар сабабли ажрим қоғозини олган ёш келинчаклар, айни қайғусиз яшайдиган даврида тирик етимлик тамғаси остида жавдираб қолаётган болалар оз эмас. Бу юртимизда оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маънавий тарбия ишлари ҳали талаб даражасида эмаслигидан далолат беради.
Ваҳоланки, вилоятда 1062 та МФЙ бор ва ҳар бирида ўнлаб фаоллардан иборат бир неча комиссиялар кенгаши фаолият кўрсатади. Ҳар бир шаҳар-туманда “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил этилган. Очиғи, мазкур комиссиялар ҳудудда бирор жиддий кўнгилсизлик бўлсагина жонланиб қолади. Кейин сувга чўккан тошдек кўринмай кетади. Аслида бу тузилмаларнинг фаолияти муаммо билан курашиш эмас, балки олдини олишга қаратилган эмасми?
Бугун айнан, тўйлардаги ортиқча дабдаба билан боғлиқ харажатлар муаммоларнинг илдизи эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Тўй-томошаларини тартибга солиш ҳақида керагидан ортиқ гапирилаяпти. Аммо нега ортиқча қилиқлар камайиш ўрнига, янги “урф”лар кўпайиб бормоқда? Масалан, тўй оқшомида келин-куёвни меҳмонлар олдида валсга тушиши, келин отган гулни ёши катта отахон, онахонлар кўз ўнгида қизларнинг талаши, куёв жўраларининг беўхшов ўйинлари, уларга ибрат бўладиган аёлларни очиқ-сочиқ кийимларда сархуш юришлари... Эҳ-ҳе, санайверсак буларнинг сон-саноғи йўқдек. Бунга маҳалла қандай бефарқ қараб турибди? Кайвонилар-чи?.. Ахир, тўй шунчаки оилавий маросим эмас, бутун халқ билан ўтадиган миллий қадрият-ку! Бу маросимни ихчам, тартибли ва тинч ўтишига бутун жамият масъул бўлиши керак.
Давлатимиз раҳбари камбағалликни бартараф этиш учун маҳалларга қанча имкониятлар яратиб бермоқда. Ўзини камбағал санайдиган оилаларнинг ўғил-қизлари никоҳ тантаналарида ижарага олган қимматбаҳо машиналарда кўчаларни тўлдириб бораётганини нима билан изоҳлаш мумкин? Ҳозир тўйларда “бирров”га юрадиган санъаткорлар кўпайган. Тўйларга борсангиз навбатда туришади. Икки жуфт қўшиқни айтар-айтмас тўй эгасидан фалон сўмни олиб кетади. Жонли айтса ҳам алам қилмасди. Кўплаб оилалар шунақа ҳою ҳавасларга тобе бўлиб қолаётгани ташвишланарли.
Яқинда бир тўйда қатнашган хорижлик меҳмон дастурхон устидаги эҳтиёждан ортиқ неъматларни кўриб ҳайратланди. Шуни ўрнига тўй эгалари фарзандларини ўқиши, ҳунар ўрганишига эътибор қаратмаётганидан афсусланди.
— Тўйдаги бундай дабдабабозлик наинки ноз-неъматлар, балки инсон учун энг қимматли бўлган вақтнинг ҳам уволи-ку, — дейди хорижлик меҳмон. — Эрталабдан ошга бориш, яна пешинда дастурхон, кечга тўй оқшомидаги тўкин-сочинлик бойларни ҳам камбағал қилади.
Такрор бўлса-да айтамиз, тўй тартибга солинмаскан, латтапарстлик, дабдабабозлик иллатларидан ҳам ҳеч қачон қутулолмаймиз. “Одамлар нима дейди?” қабилидаги эски ақидалар замони ўтди. Аслида “Бел синдирар” бунақа тўйларни ҳеч кимга кераги йўқ. Тўй тўйдек бўлсин, аммо меъёрни унутмайлик! Инсон фақат тўй қилиш учун дунёга келмаган. Тўйдан кейин ҳам яшаш керак. Ҳар бир оила тўйни ўз имкониятларидан келиб чиқиб ихчам ва мазмунли ўтказса, тўйларимиз меҳр-оқибат, миллий қадриятларимизнинг гултожи бўлиб қолади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг