Қарздорлик муаммоларни кўпайтиради

15:04 03 Октябр 2023 Жамият
460 0

Фото: Daryo

Ер шарининг тўртдан уч қисми сув билан қопланган бўлсада, чучук сув йил сайин сайёрамизнинг энг бебаҳо табиий ресурсига айланиб бормоқда. Боиси курраи заминимиздаги мавжуд сувларнинг 2,5 фоизигина ичишга яроқли ҳисобланиб, у ҳам қатор ишлов жараёнларидан ўтказилади.

Хусусан, Навоий шаҳрига ичимлик суви етказиб бериш учун Зарафшон дарёсидан қабул қилинган сув “Навоий иссиқлик манбаи” ДУК томонидан тўрт босқичда тозаланиб, турли бактерия ва инфекциялар зарарсизлантирилганидан сўнггина истеъмолчиларга етказилади. Умуман олганда корхона Навоий шаҳридан ташқари Зарафшон, Учқудуқ шаҳарлари ҳамда Конимех туманининг Зафаробод қўрғонида 70 мингга яқин аҳоли истеъмолчиларини ичимлик суви билан таъминлайди.

Айнан Навоий шаҳри аҳолиси ҳақида гапирадиган бўлсак, улар бир метр куб сув учун 550 сўм тўлашади. Бу пулга бугун истеъмол бозоридан нима харид қилиш мумкин, деган саволга амалда фақат бир метр куб сув деган гап ҳам айнан Навоийда юради. Лекин “тома-тома кўл бўлур” деганларидек, бугун навоийлик истеъмолчиларнинг ичимлик сувдан қарздорлиги 17 миллиард сўмни ташкил этиб, қарздорликни бартараф этиш муайян қийинчиликларни туғдириб, вазият судма-суд бир-бирини судрашгача бориб етмоқда.

— Бундан ташқари вилоят аҳолисининг “Вилоят сув таъминоти” МЧЖдан қарздорлиги 7 миллиард сўмдан зиёдроқни ташкил этади, — дейди “Иссиқлик манбаи” ДУК Навоий филиалининг аналитик хизмат бўлими бошлиғи Собир Жўраев. — Бугунги кунда барча истеъмолчилар огоҳлантирилиб, қарзларни ундириш чоралари кўрилмоқда. Огоҳлантиришдан тегишли хулоса чиқармаган истеъмолчиларимиз бўйича ҳужжатлар фуқаролик судларига юборилмоқда.

Вилоятда истеъмолчиларга тўлов учун қулайлик яратиш мақсадида электрон тўлов тизими ҳам жорий этилиб, шахсий ҳисоб рақам орқали истеъмол қилинган ичимлик суви ёки иситиш тизими учун онлайн тарзда пул тўлов қабул қилинмоқда. Мақсад таъминотчи корхоналарнинг ҳисоб рақамидан ташқаридаги маблағларини сув таъминотидаги барқарорликни сақлаш ва асосий тармоқларга замонавий технологияларни жорий этишдан иборатдир.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, 2022 йилда вилоятда 56,6 млрд. сўм маблағ эвазига 332 км ичимлик сув тармоқлари тортилиб, 18 дона ичимлик сув иншоотлари қурилди. Аҳолининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси эса 68,2 фоиздан 76 фоизга етказилди. Жорий йилда эса давлат дастурлари ва бошқа манбалар ҳисобидан 200 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилиши белгиланган бўлиб, мазкур маблағларга 801,8 км узунликдаги ичимлик сув қувурларини тортиш ҳамда 15 та сув иншоотларида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган. Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси жорий 76 фоиздан 81,5 фоизга етказилади. Биз юқорида келтирган қарздорликнинг ундирилиши эса бу ишлар кўламини янада ошириши шубҳасиз.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер