Қаршимиздаги инсон қўлида телефон ўрнида китоб кўрмас эканмиз, китобхонликни оммалаштириш борасидаги ишларимиз билан мақтана олмаймиз
Фото: Халқ сўзи
Мутолаага бўлган эҳтиёж ҳеч қачон ва ҳеч бир даврда ўз даражасини, аҳамиятини йўқотмайди. Инсон борки, илмга, маърифатга чанқоқлик сезади. Илк бор япроғу тошларда акс этган ҳарфлар бугунги кунга келиб электрон шаклга кўчди. Бу ўқувчини ўзи хоҳлаган пайтда исталганча миқдордаги сатрларни ёнида олиб юриш, мутолаа қилиш имконини бермоқда. Бироқ, мутахассисларнинг таъкидлашича, қоғозда акс этган босма ҳарф инсон тафаккурига 60 фоиз даражада ижобий таъсир кўрсатса, электрон ҳолатда бу кўрсаткич 15-20 фоиздан иборат бўлар экан. Демак, мукаммал билим олиш, таълимотни илм даражасида қабул қилиш борасида босма китоб ҳали-ҳануз ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бинобарин, юртимизда ҳам китобхонликни ривожлантиришга эътибор ҳар доимгидан ортган. Бунинг учун энг аввало, мавжуд кутубхоналарда ўқувчилар учун етарли шароит яратиш, китоб фондини ошириш асосий вазифалардан бирига айланди.
Андижон вилоятида айни пайтда 880 та кутубхона фаолият юритмоқда. 9 миллион 132 мингдан ошиқ китоб фондига эга бу илм масканларида 1 миллион нафардан зиёд китобхонларга сифатли хизмат кўрсатиб келинмоқда. Сўнгги йилларда мавжуд кутубхоналар фаолиятини замон талаблари асосида яхшилаш мақсадида 14,4 млрд. сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди. Биргина вилоят ахборот-кутубхона марказининг моддий-техник базасини янгилаш учун 2020-2021 йилларда 8 миллиард сўм сарфланди. Бунинг натижасида китобларни сақлаш, фойдаланиш умрини узайтириш шароитлари мақбуллашди.
Бугунги кунда вилоят ахборот-кутубхона марказининг ўзида 300 мингдан ортиқ электрон китоблар бор. Айни пайтда электрон ресурсларнинг мобил иловаси ҳам яратилмоқда. Бу илова ишга тушгач, китобхонлар ўз мобил телефонлари орқали кутубхона фондидан фойдаланиш имконияти юзага келади.
Бундан ташқари босма китобларнинг инсон руҳиятига, тафаккурига таъсир кучини ҳисобга олган ҳолда кўчма кутубхоналар фаолияти ташкил этилди. Жорий йилнинг ўзида бундай кутубхоналар 60 минг нафар ўқувчини қамраб олгани қувонарли, албатта. Янги китоб тақдимотлари, муаллифлар билан учрашувлар, мутолаа тарғиботига йўналтирилган тадбирлар эса омма орасида китобхонликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Ҳозирга қадар вилоятимизда минглаб ана шундай тадбирларни ўтказдик. Қувонарлиси шундаки, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларимиз натижасида оилавий китобхонлик кўрсаткичлари тобора ортиб бормоқда.
Бугун кутубхоналаримиз заллари китобхонлар билан банд. Бу ҳақиқат! Бироқ ҳозирги даврда эришилаётган натижалар билангина кифояланиб қолиш ҳам тўғри эмас. Зеро, қаршимиздаги инсон қўлида телефон ўрнида китоб кўрмас эканмиз, китобхонликни оммалаштириш борасидаги ишларимиз билан мақтана олмаймиз.
Хўш, китобхонликни оммалаштириш учун яна нималар қилиш мумкин?
Маълумки, тарбия оиладан бошланади. Шундай экан, аввало, ота-оналарни мутолаага чорлаш лозим, деб биламан. Бугунги кун ўқувчиси талаб ва эҳтиёжига хизмат қилувчи китобларни яратиш борасида муаллифлар билан ишлашга бўлган эътиборни кучайтириш керак. Китоб таннархини арзонлаштиришнинг имкони чекланган бир пайтда унинг тарғиботини ошириш, мазмун-моҳиятини тушунтиришга оид тадбирларни кенгайтириш даркор. Энг муҳими, кўчма кутубхоналар фаолиятини шакллантириш, бунинг учун аҳоли гавжум жойларда хизмат кўрсатиш даражасини ошириш керак.
Китоб ичида қуёшни асраётган сандиққа ўхшайди. Уни салгина очсангиз ҳам, зарҳал нуридан баҳраманд бўласиз. Шундай экан, қалбларимизга ёруғлик олиб кирувчи китоб мутолааси кундалик машғулотимизга айланмоғи шарт.
Барнохон МАМАДАЛИЕВА,
Андижон вилоят ахборот-кутубхона
маркази мутахассиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг