Қаршидаги тартибсиз қурилишларда қачон бурилиш бўлади?
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Бугун мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борсангиз, у ерда кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганига гувоҳ бўласиз. Буни Қашқадарё вилояти мисолида олсак, сўнгги йилларда воҳада неча минглаб ижтимоий, иқтисодий соҳа объектлари, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш мажмуалари, янги уй-жойлар қад ростлади. Албатта, буларнинг барчаси ҳудудларнинг замонавий қиёфа касб этиши билан бир қаторда, оилаларнинг турмуш фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Аммо янги объектлар қурилишида шаҳарсозлик меъёрларига риоя этмаслик, ҳудудда яшовчи кишиларнинг фикри инобатга олинмаслиги ва шу каби қатор муаммолар ҳам мавжудки, бу аҳолининг норозилигига сабаб бўлиб, вилоятдаги бунёдкорлик ишларининг ижобий қиёфасига соя солаётгани ҳам бор гап.
Қуйида Қарши шаҳрида амалга оширилаётган ана шундай тартибсиз қурилишлар ҳақида тўхталамиз.
Икки йилда ҳаммаси ўзгариб кетиши мумкин
Маҳлиё Саидова 2020 йилда Қарши шаҳрининг Табассум маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларнинг биридан хонадон харид қилган эди. Ўша вақтда сотиладиган жуда кўп уйларни бориб кўриш асносида айнан ушбу хонадонни танлашининг бир қатор сабаблари бўлган, албатта. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди:
— Аввало бу ер шаҳарнинг энг марказ жойи. Қолаверса, ушбу «дом»лар 1970 йилларда қурилган бўлсада, ўша пайтда барча қулайликлар инобатга олинган. Масалан, бизнинг «дом» билан қўшни «дом» орасида етарлича бўш ҳудуд қолдирилган, шу боис ҳаво айланиши яхши, болалар ўйнаши, автомобиллар қўйиш учун жойлар бор эди. Ўшанда бу уйнинг ана шу жиҳатлари менга манзур бўлганди.
Бироқ орадан кўп ўтмай ҳаммаси ўзгариб кетди. М.Саидова яшаётган уй олдидаги болалар майдончаси ва унинг ёнидаги бўш ҳудудни кимдир ўраб олиб, қурилиш ишларини бошлади. Аҳоли эса бу қурилишдан норози бўлиб, турли идораларга мурожаат қилишга тушди. Масъуллар уларга бу ерда икки қаватли «Маҳалла гузари» қурилиши, унинг атрофида автомобиллар қўйиш жойлари, яшил ҳудудлар бўлиши, буларнинг барчаси шу ерда яшовчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилаётганини тушунтиришди.
Аммо кейинчалик қурилаётган объект икки қават эмас, уч қават бўлди ҳамки, қурувчилар ишни тўхтатишмади. Аҳоли нима гаплигини англаб етгунига қадар бу ерда беш қаватли «дом» пайдо бўлди.
Ўтган йили худди шу маҳалладаги 34-, 35- ҳамда 38-, 39-«дом»лар орасидаги бир парча бўш ҳудудда ҳам учта етти қаватли уй қурилган. Натижада ушбу ҳудудда яшовчилар «подъезд»дан чиқиб, икки қадам ташлаши билан пешонаси бошқа бир «дом»га урилади. Аксарият хонадонларнинг деразасига қуёш тушмай қўйган, ҳаво айланиши ёмон, болалар ўйнаши учун очиқ жой йўқ. Бирор кўнгилсиз ҳолат рўй бергудек бўлса, фавқулодда хизмат машиналари кириб кела олмайди. «Парковка» масаласини эса гапирмаса ҳам бўлади.
Келтирганимиз Қарши шаҳрининг биргина маҳалласидаги иккита ҳолат. Аслида эса шаҳарда минглаб хонадонлар худди шундай муаммолар қуршовида қолишган. Боиси сўнгги уч йил ичида вилоят марказида ўттиздан ортиқ 5, 6, 7 қаватли, кўп хонадонли уйлар қурилиб фойдаланишга топширилган бўлса, уларнинг аксарияти бундан 60-70 йил аввал маълум бир лойиҳа асосида бунёд этилган кўп қаватли уйлар орасидаги болалар майдончалари, ҳаво айланиши ёки шу каби қайсидир мақсадларни кўзлаб қолдирилган бўш ҳудудларда қад ростлаган.
Масъуллар нима дейди?
Ота-боболаримиз битта том қурса ҳам режа билан, шамолнинг айланишидан тортиб, қуёшнинг тушишига қадар бўлган барча жиҳатларни инобатга олиб қуришга одатланишган.
Бугун Қарши шаҳридаги эски «дом»лар орасида янги қурилаётган кўп қаватли уйларни кўрган киши эса мутахассис бўлмасада, бир қарашдаёқ бу ишлар шаҳарсозлик нормаларига тўғри келмаслигини тушунади.
Хўш, аслидачи? Шундоқ ҳам гавжумлашиб бораётган шаҳар марказидаги дуч келган жойга «дом» қуриб, уни янада гавжумлаштириш қайси мантиққа тўғри келади? Қолаверса, айни пайтда эски «дом»лар орасидаги тор жойларда бетартиб қурилаётган янги иншоотлар шаҳар кўркига кўрк қўшиш ўрнига, эски кийимга ямоқ солгандек ҳудуднинг умумий манзарасига ҳам путур етказмоқда. Бунинг ўрнига ушбу бинолар худди «Янги Ўзбекистон» массивлари каби шаҳар четидаги бўш ҳудудлардан, алоҳида лойиҳа асосида бунёд этса, бу ҳар томонлама фойдали бўлмайдими?
Шу ва шу каби саволларга жавоб излаб Қашқадарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси, вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси масъуллари ва бир қатор соҳа мутахассислари билан суҳбатлашдик. Мавжуд ҳолат бўйича уларнинг изоҳлари, фикрларини тингладик. Англаганимиз шу бўлдики, қурилишга рухсат берадиган ташкилотлар кўпу, унинг шаҳарсозлик нормаларига мувофиқ ёки номувофиқлиги, бу ерда яшовчиларнинг фикри инобатга олинган ёки олинмаганлиги ва шу каби жиҳатларни қатъий назорат қиладиган аниқ бир идора йўқ экан.
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жамолиддин Тошимовнинг тушунтиришича, инспекция ходимлари фақат қурилишнинг лойиҳада белгиланган талабларга мувофиқ ёки номувофиқ қурилганлигини ўрганиб, шу бўйичагина ўз хулосасини бера олади.
— Агар тадбиркор қайсидир зарур ташкилотдан рухсат олмасдан иш бошлаган ёки лойиҳага кейинчалик ўзбошимчалик билан ўзгартишлар киритган бўлса, биз ҳолатга аралашамиз, — дейди у. — Барча масъул ташкилотлар вакиллари лойиҳани маъқуллаган бўлса, уни инкор қила олмаймиз. Шундай қилсак, бу тадбиркорнинг ишига тўсқинлик қилиш бўлиб қолади.
Қашқадарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасининг бош режалар устидан назорат қилиш бўлими мутахассиси Тўйчи Содиқжоновдан ҳам Табассум маҳалласидаги янги қурилишлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида сўрадик. Суҳбатимиз шу кўринишда кечди.
— Ушбу уйлар шу ердаги эски «дом»ларда яшовчи аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Айниқса, биринчи, иккинчи қаватлардаги хонадонларга қуёш нури умуман тушмай қолган. Болалар ўйнаши учун жой йўқ. «Парковка» масаласи муаммо. Шаҳарсозликда янги қурилишга рухсат беришдан аввал шу жиҳатлар инобатга олиниши керак эмасми?
— Керак.
— Унда нега бу ерда олинмаган?
— Сиз айтаётган «дом»ларга анча йил олдин рухсат бериб юборилган. Ҳозир у одамлар бу ерда ишламайди. Тадбиркорда ўша вақтда олинган зарур ҳужжатлар бор, энди биз унинг ишига бевосита аралаша олмаймиз.
— Тадбиркорга кўп қаватли уйлар орасида янги «дом» қуриш учун шу ердаги аҳолининг розилигини олиш шарти қўйиладими?
— Аслида қўйилиши керак. Лекин меъёрий ҳужжатларда «ёнидаги ер участкалари эгаларининг розилигини олиш» ҳақида айтилган. Айнан «кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг» дейилмаган. Шу боис тадбиркор бу борада биз билан баҳслашган ҳолатларда аниқ бир асос топиб бера олмай қолган вақтларимиз ҳам бўлган.
Хулоса ўрнида
Биз муаммони борича келтирдик. Эртага унинг янада илдиз отиб кетмаслиги, шаҳарнинг гўзал, тартибли, ораста ва энг муҳими, яшаш учун қулай бўлмоғи учун ҳудуднинг ҳеч бўлмаганда 20-30 йилга мўлжалланган бош режаси бўлиши, ҳар бир объект қурилишида унга қатъий амал қилиниши, бунинг назорати эса ҳуқуқ-тартибот органларининг асосий вазифаларидан бирига айланиши зарур. Унгача эса, айнан Қарши шаҳрида «барча ҳужжатлари бор», лекин тартибсиз қурилишлар давом этаверади, назаримизда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Даврон Кабуловнинг отаси «ўғрилик» бўйича судланиб, қарийб 345 млн сўм жаримага тортилгани маълум бўлди
- Исроил ва Эрон низоси янги босқичга чиқди
- Сен етим эмассан: Одамийлик тимсолига айланган оила
- Президент янги қарор имзолади
- Президентнинг янги қарори эълон қилинди
- Ўзбекистоннинг Покистондаги янги элчиси тайинланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг