Қарши Давлат университети ва вилоятдаги ихтисослаштирилган мактаблар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди

16:04 06 Март 2024 Жамият
248 0

Фото: "Халқ сўзи"

Жаҳонгир Боймуродов/“Халқ сўзи”. Жорий йилнинг 5 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактаб таълими ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берилганди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Қарши Давлат университети томонидан Косон, Касби ва Муборак туманларидаги ихтисослаштирилган мактаблар билан ҳамкорлик ўрнатилди.

Ҳамкорлик доирасида университет ректори, профессор Дилмурод Набиев бошчилигида олийгоҳ профессор-ўқитувчилари ушбу мактабларга бориб, у ердаги имкониятлар, шарт-шароитлар билан танишди. Мулоқотларда мактабларда ўқитиладиган аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар узвийлигини университетнинг бакалавриат таълим йўналишларида ҳам таъминлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

— Бунинг учун ушбу мактаблар ҳамда университетимиз профессор-ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, университетда ўқитиладиган бакалавриат таълим йўналишлари (математика, физика, кимё, биология ва хорижий тиллар), шунингдек, университет академик лицейининг ўқув режа ва дастурлари ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқув режа ва дастурларига мувофиқлаштирилади, — дейди Дилмурод Набиев. — Янгиланган дастурлар эса 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб университетда жорий қилинади. Шунингдек, университетнинг мутахассислик тайёрлайдиган кафедра ўқитувчилари мактабларга бириктирилади.

Ўтказилган тадбирлар доирасида ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер