Қаловини топган қорни ёндиради

11:25 13 Ноябрь 2024 Жамият
175 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Орамизда ибратли ҳаёт тарзи билан атрофидагиларга намуна бўлаётган нуроний замондошларимиз кўп. Асака тумани Қўнғирот маҳалласида яшовчи 75 ёшли Анваржон ота Абдусалимов ҳовлисидаги 6 сотихдан иборат майдонда иссиқхона барпо этиб, бодринг ҳосилини етиштирмоқда.

— Икки йилдирки, иссиқхоначилик билан шуғулланиб келмоқдаман, — дейди Анваржон ота. — Январда булғор қалампири эккандим. Айни пайтда бодринг парваришлаяпман. Ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам юқори. Бодрингни икки кунда бир ўртача 100 килодан термоқдамиз. Ҳар бир килосини улгуржи нархда 15 минг сўмдан сотилмоқда.

Отахон экинни томчилатиб суғориш орқали озиқлантирганлиги боис сувни беш баробарга тежамоқда. Узумчиликда ҳам у кишига тенг келадигани йўқ.

— Узумни исталган пайтда худди шохидан ҳозиргина узиб олгандай ҳолатда сақлаймиз, — дейди миришкор отахон. — Қутига солинган узумни селлофан қопларга солиб, оғзини маҳкам боғлаймиз. Шундан кейин чанг юткич орқали ичидаги ҳавони тортиб оламиз. Қарабсизки, ҳосилнинг сифатига гард юқмайди.

Жалақудуқ туманидаги Туялас МФЙда истиқомат қилувчи Гулойим Абдураҳмонова турмуш ўртоғи Олимжон Мамашев кўмагида бундан олти йил аввал лимончиликка асос солди-ю, шундан буён 5 сотихдан иборат иссиқхона унинг севимли манзилига айланди.

— Лимон парваришталаб ўсимлик ҳисобланади, — дейди Гулойим она. — Ўз вақтида агротехник қоидаларига амалга қилсангиз йил давомида ҳосил беради. Парваришимиздаги 30 туп дарахтнинг ҳар биридан 100 килогача ҳосил оляпмиз. Шу билангина кифояланиб қолмай, келгуси йилдан бошлаб киви етиштиришни режалаштирдик.

Хўжаобод туманига йўлингиз тушиб 70 ёшли ишбилармон аёл ҳақида сўрасангиз сизни Навоий номли маҳаллага йўналтириб юборишади. Боиси ушбу манзилда яшовчи Дилбархон опа Маликова иссиқхоначилик йўналишидаги фаолияти билан барчага маълум.

— Томорқамдаги иссиқхонада лимону, кивини, ноёб гулларни учратиш мумкин, — дейди Дилбархон опа. — Шу соҳага қизиққаним учун тўрт йилда ҳосилга кириши керак бўлган кўчатларни қаламча қилиш орқали икки йилда ҳосил олишига эришяпман. Бундан ташқари, кўчат етиштириш билан ҳам шуғулланаман. Полиз экинларидан ташқари, сирень, киви, лимон кўчатларини тайёрлайман.

Ишни ярим метр жойдан бошлаган аёлнинг айни пайтдаги иссиқхонаси 6 сотихдан иборат бўлиб, 20 минг тупдан зиёд кўчатлари мавжуд. Бир йилда ўртача 150 миллион сўм даромад ишлаб топмоқда.

— Ҳар бир соҳада ишбилармон бўлиш керак, — дейди онахон. — Оддий мисол, бозордан иккита тувакда 170 минг сўмдан жами 340 минг сўмга икки туп арча кўчатини сотиб олганман. Унинг ҳар бир япроғидан илдиз оттириш орқали 300 та кўчат ундирдим. Ҳар бирига 100 минг сўмдан харидор бор. Демак, арча кўчатининг ўзидан 30 млн. сўм даромад топаман.

Шунча меҳнатни амалга оширишнинг ўзи бўлмайди. Шу боис қаҳрамонларимизнинг ҳар бири ўртача 10-15 нафар хотин-қизлар бандлигини таъминлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер