Қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини сотган савдо дўконлари аниқланди

10:36 13 Август 2024 Жамият
172 0

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Фарғона вилоятида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини сотувга қўйган савдо дўконларини фош этди. Бу ҳақда Департаментнинг матбуот хизмати хабар берган.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона шаҳрида фаолият юритувчи «Ф.Г.» оилавий корхонаси қонун бузилиш ҳолатига йўл қўйгани аниқланган.

Қайд этилишича, ушбу дўкон сотувчиси Ж.А. харидорга қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини сотганлиги аниқланиб, ушбу савдо дўконидан умумий баҳоси 50,2 миллион сўмлик турли номдаги жами 1 минг 371 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби яна икки ҳолат Қува ва Ёзёвон туманларида аниқланган. Ўтказилган тезкор тадбирларда «Р.Ш.» хусусий корхонаси ҳамда «А.Д.» МЧЖ савдо дўконларидан тегишли ҳужжатлари бўлмаган жами 845 дона алкоголь ва турли номдаги тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?