Қалъа 103 йилдан сўнг ўз бағрини очмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Бухоро шаҳрига борган сайёҳ борки, қадимий Арк қўрғонини томоша қилмай қайтмайди. Асрлар мобайнида Бухоро ҳукмдорларининг саройи вазифасини ўтаган, “шаҳар ичидаги шаҳарча” таърифига муносиб бу гўша бошига не-не кўргуликлар тушмаган, дейсиз? Хусусан, 1920 йилги босқин кўҳна шаҳарнинг масжиду мадрасалари, минораю карвонсаройлари, тиму хонақоҳлари, шарқона уйлари қатори Арк қўрғонига ҳам чексиз кулфат келтирди.
Ўшанда Михаил Фрунзе бошчилигидаги шўро қўшинлари бир ҳамла билан забт эта олмагач, шаҳарга аэропланлардан бомба ёғдиришди. Умрида аэроплан деганини кўрмаган бухороликлар даҳшатга тушдилар. Тарихий ёдгорликларнинг бир қисми, шу жумладан, Арк ҳам вайрон этилди. Буни шўро тузуми даврида нашр қилинган “Совет Туркистони учун” деб номланган китоб ҳам тасдиқлайди.
Унда ёзилишича, бомбардимонда қўрғоннинг асосий мезана ва миноралари вайрон қилиб ташланган. Қалъанинг салкам 70 фоизини эгаллаган қисми яксон этилган. Фақатгина жоме масжиди, амирнинг тахтга ўтириш маросими ўтказиладиган кўринишхона, қушбегига қарашли биноларнинг бир қисми сақланиб қолган, холос. Айтмоқчи, ҳозир бу ерда давлат музей – қўриқхонаси жойлашган.
— Қалъанинг вайрона ҳолга тушган қисмида ҳаммоми ўрда, хонақоҳ, саҳобалар авлодидан саналган Баттолғози мақбараси, XVI асрга тааллуқли қудуқ ҳамда турар-жойлар бўлган,— дейди Бухоро давлат музей- қўриқхонаси директори ўринбосари Жамшид Халилов.— Уларнинг қолдиқлари сақланиб қолган. Ҳудудда қатор йиллардан буён маҳаллий мутахассислар Франциянинг Лувр музейи археологлари билан ҳамкорликда археологик тадқиқотлар олиб боришмоқда.
Қалъанинг салкам уч гектар майдонни эгаллаган бу қисми шаҳар босқинидан буён қаровсиз ётган эди. Меҳмонлар, сайёҳлар учун берк мазкур гўша 103 йилдан сўнг ниҳоят, барчага ўз бағрини очадиган бўлди. Бу ерда археологик парк барпо этишга киришилди. Юртимизда илк бор амалга оширилаётган ушбу лойиҳа ЮНEСКО томонидан маъқулланган. Бу ерда қадимий тошлардан йўлаклар, айвонли шийпон барпо этиляпти, сайёҳлар учун зарур бошқа бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Арк орқа қисмининг чамаси 120 метрли девор қисми пишиқ ғишт билан қопланяпти. Археологик паркда шаҳар меҳмонлари қалъанинг бизгача сақланиб қолган асосини кўриш, қазишма ишлари билан танишиш, кўҳна Бухоро манзараларини кузатиб ҳордиқ чиқариш имконига эга бўладилар.Негаки, қалъа чамаси 20 метр баландликда бўлиб, бу ердан қадимий обидалар бағридаги шаҳарни томоша қилиш кишига ўзгача завқ бағишлайди. Сайёҳлар шунингдек, хоҳишлари бўлса, археологик қазишма ишларида иштирок этишлари мумкин. Бир сўз билан айтганда, археологик парк ички ва ташқи туризм равнақига хизмат қилади.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг