Қайнука учун жигарини берган янга
Пешкулик Жамшиджон Умаров жигар циррози касалига учради-ю, ҳаловатини йўқотди. Нажот йўқ. Текширишлар узоқ чўзилди. Донор керак, дейишди. Унга мос келадиган донор синглиси ва янгаси бўлиб чиқди.
— Синглингиз бировнинг келини, рўзғори бўлак, — деди Муҳайё турмуш ўртоғи Жасурга. — Мен донор бўламан, рози бўлинг, дадаси. Сизнинг укангиз менинг ҳам укам!
Укаси Жамшиднинг бетоблигидан қайғуга ботган Жасур икки ўт орасида қолди. Ука деса, бу ёқда хотини... Мабодо, турмуш ўртоғининг таклифига кўнса-ю, унга бирор кор-ҳол бўлса – чи?! Унда фарзандларининг кўзига қандай қарайди?
— Мен бир қарорга келдим. Жигаримнинг бир қисмини Жамшиджонга бераман! У яшаши керак! — деди Муҳайё қатъий.
Кўп ўтмай Жамшиджон, унинг хотини Азизахон ва янга Муҳайёхонлар Ҳиндистонга йўл олди.
Текширувлар қайта-қайта ўтказилди. Муҳайё Ҳамдамова қайнукаси Жамшиджон Умаровга донорлик қилди...
Жарроҳлик амалиёти узоқ давом этди. Ҳинд шифокорлари билан мулоқотда Жамшиджоннинг хотини инглиз тили фани муаллимаси Азиза Вафоева тилмочлик қилиб турди. Амалиётдан кейин эри ва овсинининг аҳволидан хабар олиб турди.
Бу воқеа 2021 йилда бўлганди. Хавотиру ҳадиклар, уйқусиз тунлар ортда қолди. Жамшиджоннинг ҳам, Муҳайёхоннинг ҳам саломатлиги ҳозир жойида.
Жамшиджон оиласи билан Пешку тумани Афшона қишлоғида, акаси тадбиркор Жасуржон Умаров ва Муҳайё Ҳамдамовалар Янгибозор шаҳарчаси, “Ўзбекистон“ кўчасида аҳил — иноқ яшамоқда.
Халоскор янга – Муҳайё Ҳамдамова Пешкунинг довруқли парда тикувчиларидан. Шогирдлари бисёр...
Дарвоқе, Азизахон овсини Муҳайёхонга қўнғироқ қиларкан, доимгидек, “Жигарим, омонмисиз?”, дейди. Шунда телефон гўшагини қайнука Жамшиджон олиб “”Менинг жигарим, сенинг эмас”, дея аёлига ҳазиллашади. Ўзини ҳаётга қайтарган янгасидан ҳол-аҳвол сўрашга тушади.
Жигарим дейилганида, одатда туғишганлар, опа-сингил, ака-укалар тушунилади. Афсуски, айрим жигаргўшалар оғиздагина жигаргўша. Бир-бирларини кўришга кўзи йўқлари, ҳовли-жой талашиб, жигарига пичоқ ўқталаётган ака-укалар ҳам таассуфки, учраб турибди.
Шуларни хаёлдан ўтказиб, беихтиёр ўйга толамиз. Яхшиликни, оқибатни бойлик, пул билан ўлчайдиганлар кўпайган бир замонда лавҳамиз қаҳрамонлари қалбидаги меҳру муҳаббатнинг илдизи қаерда? Бу илдиз қайси чашмадан сув ичаяпти?
Бу саволга жавобни эса қуйидаги кечмишдан топгандек бўлдик.
...Пешкулик журналист Исмоил Умаров қанд касаллигига чалингач, муолажалар наф бермади. Оқибатда нафақа ёшига етмай туриб икки кўзи кўрмай қолди.
Турмуш ўртоғи Розия Жалолова ҳаловатини йўқотди. Ишидан воз кечди. У неча йилдирки, ёстиқдоши парвариши билан банд. Муштипар аёл эрининг кўрмай қолган кўзларига айланди.
Исмоил ака ва Розияхонларга беш фарзанд, икки ўғил, уч қиз, келин, куёвлар мадад бўлди. Бу дард етмагандек Исмоил ака инсультга учраб, юролмай ҳам қолди. Бирга кечган шодмон кунлар ҳаққи ҳурмати, Розия опа эрининг кўнглига озор берадиган бирор сўз айтган эмас.
Қайнукасига жигарини берган, оқибатли янга – Муҳайё Ҳамдамова ва унинг овсини Азиза Вафоевалар Исмоил Умаров ва Розия Жалолованинг келинлари саналишади. Қайнона-қайнотадан ҳаёт дарсини олишди, сабру қаноатни ўрганишди. “Қуш уясида кўрганини қилади” дейишгани шу эмасмикан?! Ҳаёт бу оилага дард бериб кўп бор синади. Улар ҳар гал сабр, меҳр-муҳаббат билан Яратганнинг синовларига чидашди.
— Кўзим кўрмаса ҳам, юролмасам ҳам мендан бахтли инсон йўқ, — дейди Исмоил Умаров. — Тақдир мени шундай солиҳ фарзандлар, невара, эваралар билан сийлади. Меҳр оғушидаман!..
Шукрга суяниб яшаётган бу оиланинг яхши кунлари ҳали олдинда!
Махфират АТОЕВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг