Путиннинг яширин қалъаси, oхири кўринмаётган уруш ва ядро келишуви (+видео)
Россия—Украина низоси
Россия—Украина урушининг 874 кунги тафсилотларига тўхталамиз. Украина пойтахти Киевда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россиянинг учувчисиз учоғини уриб туширгач, бир қанча портлашлар рўй берган.
Украина жанубидаги Россия томонидан босиб олинган Херсон шаҳрига Украина томонидан ўққа тутилиши ва дрон ҳужуми оқибатида камида бир киши ҳалок бўлиб, саккиз киши яраланди.
Россиянинг Украина билан чегарадош Белгород вилояти расмийлари Украина учувчисиз самолёти йўловчи машинасига зарба бериб, ёш эр-хотинни ўлдирганини маълум қилди.
Россия ва Украина сўнгги етти ҳафта ичида учинчи марта ўзаро асир алмашиб, жами 190 аскарни озод қилди.
Украинанинг Харков шаҳри расмийлари Россиянинг шимоли-шарқий шаҳарга деярли ҳар куни уюштираётган ҳужумлари фонида болаларни ҳимоя қилиш учун ер остида бир қатор мактаблар қуриш режаларини эълон қилди.
Ҳарбий ёрдам
Агар Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трамп Оқ уйга қайтса, АҚШнинг Киевни қўллаб-қувватлаши потенциал камайиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларга қарамай, Германия келаси йили Украинага ҳарбий ёрдамини икки баравар қисқартиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Reuters» ахборот агентлиги хабар берган. Агентлик Германиянинг 2025 йилги бюджети лойиҳасига таяниб, Германиянинг Украинага ёрдами 2024 йилдаги 8 миллиард евродан 2025 йилда 4 миллиард еврога қисқартирилишини маълум қилди.
Сиёсат ва дипломатия
Европа Парламенти Венгрия Бош вазири Виктор Орбанни Россия Президенти Владимир Путин билан Москвада учрашганини қоралаб, Европа Иттифоқи номидан гапирмаганини таъкидлаган.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ вице-президентлигига Республикачилар партиясидан номзод Трампнинг шериги Жеймс Девид Венснинг Украина бўйича позициясини олқишлади. Шу ўринда Лавров тенг ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотга киришмоқчи бўлган ҳар қандай АҚШ етакчиси билан ишлашга тайёрлигини билдирди.
НАТО Буюк Британия расмийси Патрик Тёрнерни Украинадаги олий вакили этиб тайинлади. Тёрнер альянсда юқори лавозимларда ишлаган.
Эстония ва Литва чоршанба куни Евро Иттифоқининг мамлакатга қарши санкцияларини баҳона қилиб, Беларусьда рўйхатдан ўтган автомобилларнинг Россия ёки Беларусь билан чегараларидаги назорат пункти орқали киришига рухсат бермасликларини маълум қилди.
Хитой АҚШ билан ядровий қурол бўйича музокараларни тўхтатди
Пекин АҚШнинг Тайванга қурол сотиши ядровий қуролларни тарқатмаслик бўйича музокараларни давом эттириш учун сиёсий муҳитнинг бузилганини таъкидлади.
Хитой Вашингтоннинг ўзини ўзи бошқарадиган Тайван оролига қурол сотишига норозилик сифатида АҚШ билан ядровий қуролларни тарқатмаслик ва қурол назорати бўйича музокараларни тўхтатди.
Таҳлилчилар эса бу ҳаракат глобал қурол назорати ҳаракатларига жиддий тўсиқ бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Хитой ва АҚШ президентлари Си Сзинпин ва Жо Байден ишончсизликни юмшатиш мақсадида ноябрь ойида ядровий қурол бўйича музокараларни бошлаган эди.
Пекин халқаро қурол назорати бўйича мулоқотни давом эттиришга тайёр экани, аммо Қўшма Штатлар Хитойнинг асосий манфаатларини ҳурмат қилиши, мулоқот учун зарур шарт-шароитларни яратиши кераклигини маълум қилган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги.
Вашингтон июнь ойида Тайванга умумий қиймати тахминан 300 миллион долларлик иккита ҳарбий анжомлар сотилишини тасдиқлади. Буларга асосан Ф-16 қирувчи самолётлари учун эҳтиёт ва таъмирлаш қисмлари киради.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллер Хитойнинг бу ҳаракатини қоралаб, Пекин билан бошқа муносабатларда муаммолар борлигига қарамасдан айнан қурол-яроғ назорати бўйича ҳамкорликни давом эттира олмаслигига урғу берган. Миллерга кўра, Пекин бу иши билан Россияга эргашишни танлаган.
АҚШда 3700 га яқин ядро каллаклари мавжуд бўлиб, шундан тахминан 1419 та стратегик ядро каллаклари жойлаштирилган. Россияда 1550 га яқин ядро қуроли мавжуд ва Америка олимлари федерацияси маълумотларига кўра, 4489 та ядро каллаклари захираси мавжуд. Вашингтоннинг ҳисоб-китобларига кўра, Хитойда 500 та ядровий каллак бор ва 2030 йилга келиб уларнинг сони 1000 тадан ошади.
АҚШ расмийлари Пекин ядровий қурол хавфини камайтириш чораларини муҳокама қилишга унчалик қизиқмаганидан норозилик билдирди. Аммо Пекин узоқ вақтдан бери АҚШда аллақачон анча катта арсенал борлигини таъкидлаб келади.
Илон Маск сайловни сотиб олмоқчими
АҚШ президенти Жо Байден миллиардер Илон Маскни танқид қилиб, уни «сайловни сотиб олишга» уринишда айблади.
«Мен Илон Маск ва унинг бой дўстлари сайловларни сотиб олишга уринишидан чарчадим», деб ёзди Оқ уй раҳбари «Х» ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида.
У постга демократларга хайрия қилиш учун веб-сайтга ҳаволани илова қилди. Унда Доналд Трамп ҳамда Илон Маскнинг сурати ва собиқ президентни «мағлубиятга учратиш» чақириғи тасвирланган.
Маск бир неча бор Байденни масхара қилган ва бўлажак президентлик сайловларида республикачи номзодга овоз беришини очиқ айтган.
Жорий ҳафта «The Wall Street Journal» нашри ўз манбаларига бизнесмен Трампнинг қайта сайланиш кампаниясини қўллаб-қувватлаш учун янги сиёсий қўмитага ойига 45 миллион доллар беришни режалаштиргани ҳақида хабар тарқатди. Ўз навбатида Маск бу маълумотни «ёлғон» деди.
Байден шу кунларда яна коронавирусга чалинган. У Делавердаги қароргоҳида ўзини изоляцияга олиши ва вазифаларини бажаришда давом этиш ниятида.
Трамп тарафдорлари уни қўллаб-қувватлаш учун қулоқларини боғлаб чиқмоқда. Бу собиқ президентга суиқасд уюштирилганидан сўнг оммалашди.
Путиннинг яширин қалъаси
Сунъий йўлдошдан олинган суратлар Россия президенти Владимир Путиннинг Москва шимолидаги Валдай шаҳрида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан жиҳозланган қалъаси мавжудлигини аниқланди.
Қайд этилишича, дастлабки ҳисоботларда бу ерда фақат битта «Пансир» тизими ўрнатилган бункер мавжудлиги айтилган. Бироқ янги тасвирлар ҳудуд атрофида ушбу тизимлардан камида еттитаси борлигини кўрсатган. Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситаларининг кўпайиши Украинанинг Россия ҳудудига уюштираётган дрон ҳужумларининг фаоллиги ортиб бораётган бир пайтда содир бўлди.
АҚШнинг Урушни ўрганиш институти тадқиқот гуруҳи қароргоҳда бу тизимлар жойлашганини тасдиқлади. Маълумот учун айтиш жоиз, «SA-22 Greyhound» номи билан ҳам танилган «Пансир» тизими 20 километрдан 40 километргача бўлган масофада самолётлар, ракеталар ва дронларни аниқлаш ва йўқ қилишга мўлжалланган.
«Nexta» нашрининг маълумотларига кўра, Валдай қароргоҳи атрофида яна камида олтита «Пансир» тизими, ўн битта мобил ер-ҳаво ракета «С-300/400» тизими ва бир нечта узоқ масофали радиолокация станциялари ҳам бор. Уларнинг айримлари зич ўрмон ичида кўздан пана қилинган.
Сунъий йўлдош тасвирлари, шунингдек, мазкур қароргоҳдан 6 километр узоқликда, бошқа «Пансир» тизимига яқин жойда ўрнатилган бир нечта эрта огоҳлантирувчи радар станциялари ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу мудофаа ҳаракатларга қарамай, Украина дронлари бу тизимларни четлаб ўтиб, камроқ ҳимояланган ҳудудлардан зарба бериши мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг