Процессуал чиқимлар тўланишига доир аниқ тартиб ва механизмлар белгиланди

18:52 01 Ноябрь 2023 Жамият
265 0

иллюстратив фото

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, одил судловни қарор топтириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлашга, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз тараққиётининг кафолати давлат ва жамиятнинг барча тармоқларини ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишда намоён бўлади.

Сўнгги йилларда юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан такомиллаштириш борасида қатор тизимли ишлар амалга оширилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳуқуқбузарликдан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилиниши, давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлаши, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратишига оид қоидалар аниқ белгилаб қўйилди.

Бироқ, бугунги кунда ушбу соҳада ишни кўриш билан боғлиқ бўлган чиқимларни тўланишига доир айрим муаммо ва камчиликлар мавжуд бўлиб, бу, ўз навбатида, амалиётда турли хил муаммоларни келтириб чиқаришга сабаб бўлмоқда.

Ишни кўриш билан боғлиқ бўлган чиқимларнинг аҳамиятини қуйидагиларда кўриш мумкин:

— ишларни кўриб чиқиш учун зарурий шарт-шароитларни яратиб беради;

— процесс иштирокчиларининг моддий манфаатларини самарали муҳофазалайди, бу ўз навбатида уларнинг процессларда тўлиқ ва ўз вақтида иштирокини таъминлайди;

— турли соҳага оид билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассислар ҳамда зарур маълумотга эга иштирокчиларни кўпроқ жалб этиш орқали иш сифатини оширади;

— ишларни юритишда сарфланган харажатлар миқдорини аниқлаш
ва уларни ундириб олишни таъминлайди.

Бошқача айтганда, мазкур институт том маънода процесснинг молиявий воситаси бўлиб хизмат қилади. Бироқ, шунга қарамасдан, бугунги кунда процессуал чиқимлар институти амалда тўлиқ ишламаяпти.

Хусусан, 1992 йил 3 июлда қабул қилинган “Гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларнинг қилган харажатларини тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бугунги кун талабларига жавоб бермаганлиги учун 2022 йил 4 ноябрдан бекор қилинди.

Мазкур Қонунда тўловни амалга ошириш манбалари, тўлаб бериш тартиб ва механизмлари белгилаб берилмаган ҳамда шартнома асосида эксперт
ва мутахассисларни жалб этиш имконияти яратилганлигини ҳисобга олинмаган, шунингдек тўлов миқдорлари ҳам жудаям кам миқдорни ташкил этган.

Шунингдек, Қонунга асосан доимий иш ҳақи олмайдиган жабрланувчилар, гувоҳлар ва холисларга уларни одатдаги машғулотидан чалғитганлик учун тўловлар бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши назарда тутилган бўлсада, буни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари яратилмаган.

Процессуал мажбуриятларини хизмат топшириғи билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бажараётган эксперт, мутахассис ва таржимонга бажарган ишлари учун тўлов миқдори камлиги одил судловни амалга оширишда малакали мутахассисларни жалб қилиш имкониятини чеклаган.

Натижада ушбу ҳолатлар суд ва тергов органларига ишда кўмаклашувчи шахсларни жалб этишда турли хил қийинчиликлар туғдиришига, шунингдек, ишда иштирок этган шахсларнинг транспорт воситалари ва турар жой билан боғлиқ харажатлари учун чиқимдор бўлишига олиб келган.

Юқоридаги каби муаммоларни ижобий ҳал этиш мақсадида Ҳукумат қарори билан Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унда бир қатор янгиликлар мавжуд.

— жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, холисларга тўланадиган тўловлар ва қоплаб бериладиган харажатлар турлари назарда тутилди.

Хусусан, доимий яшаш жойлари узоқда бўлганлар учун келиб-кетиш харажатлари, меҳмонхона харажатлари, кундалик харажатлари, эксперт, таржимон, мутахассисга хизмат топшириғи билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни бажарганлик учун тўловлар ҳамда доимий иш ҳақи олмайдиган жабрланувчилар, гувоҳлар ва холислар одатдаги машғулотидан чалғитганлик учун тўловлар шулар жумласидандир.

— жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, холисларга тўланадиган тўловлар ва харажатларни қоплаш миқдорлари белгилаб берилди.

— жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холислар харажатларини қоплаш ва тўловларни амалга ошириш тартиби белгиланди.

Тўловлар суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг қарори (ажрими)га асосан 10 кунлик муддатда тўлаб берилади. Бу, ўз навбатида, Суд ва тергов жараёнларига ишда кўмаклашувчи шахсларни жалб қилишда қулайлик яратиш билан бирга, уларнинг қилган харажатларини тўлиқ қопланишига ҳам имкон яратади.

Мазкур тартиб келгусида фуқароларимизнинг Бош қомусимизда белгиланган ҳуқуқларини тўлиқ таъминланишига, процесс иштирокчиларининг моддий манфаатларини самарали муҳофазаланишига, зарур ҳолатларда жабрланувчилар, гувоҳлар, холисларни ҳамда мустақил экспертлар, мутахассислар, таржимонларни ишда иштирок этиши орқали одил судлов сифати оширилишига ҳамда судда тортишувчанлик институни янада таъминлашга хизмат қилади.

Миркомил БОЗОРОВ,
Муборакхон ТОЖИЕВА
,
Адлия вазирлиги масъул ходимлари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер