Прокуратура терговчиси олган порасини қайтараётганида ушланди

10:47 25 Июнь 2025 Жамият
260 0

Фото: ДХХ

Урганч шаҳар прокуратураси терговчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлиги хизмати.

Маълум қилинишича, Урганч шаҳар прокуратураси катта терговчиси мансаб мавқеидан фойдаланиб, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан маҳаллий фуқарога нисбатан қўзғатилиб, ўзининг ҳамкасби томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят ишини айблов хулосаси билан судга юборилмасдан, терговда тугатиб бериш эвазига 3 минг доллар талаб қилган.

Натижада, катта терговчи жорий йилнинг 16-28 май кунлари оралиғида 1000 доллар ва 10 миллион сўм пул, қиймати 1000 долларга тенг бўлган 1 дона сейф ва 1 миллион 300 минг сўмлик 1 дона иш столи жамланмасини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Аммо фуқаро ўзига нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168 моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жинояти иши дастлабки терговда тугатилмасдан, айблов хулосаси билан судга юборилганлигини билгач, терговчидан муқаддам берилган пул маблағлари ва ашёларни қайтариб беришини талаб қилган.

Шундан сўнг, терговчи 1000 доллар пул, қиймати 1000 долларга тенг бўлган 1 дона сейф ва 1 миллион 300 минг сўмлик 1 дона иш столи жамланмасини фуқарога қайтариб берган вақтида ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда терговчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?