Президентга ўзбек мумтоз тили луғатини яратиш бўйича таклиф берган ўқувчи қизга грант ажратилади

14:18 01 Июль 2021 Маданият
813 0

Дилобар Маҳмудова Тўрақўрғондаги Исҳоқхон Ибрат номли тилларга ихтисослашган мактаб-интернатнинг 9-синфини тугатди. Бу ерда иқтидорли ёшлар инглиз, немис, француз, рус, япон, хитой ва корейс сингари еттита хорижий тилни ўзлаштирадилар. Дилобар уларнинг тўрттасида бемалол мулоқот қила олади.

Аълочи ўқувчи кеча «Ёшлар куни» муносабати билан ўтказилган форумда Давлатимиз раҳбарига ўзбек мумтоз тили луғатини яратиш бўйича ўз таклифини билдирган эди. Бунга жавобан луғат тузишга грант маблағи ажратиладиган бўлди.

— Бугун вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов мактабимизга келди, — дейди таълим даргоҳи ёшлар етакчиси Аъзамжон Собиров. — Дилобар унга луғат яратиш заруратини изоҳлаб берди. Педагогик жамоа билан биргаликда тузиладиган ушбу рисола худди Исҳоқхон Ибратнинг «Луғати ситти-ас-сина», яъни, олти тилли луғатига ўхшаш бўлиб, ҳозирги замон адабиётларига мослаштирилади. Унинг ёрдамида Бобур, Навоий, Ибрат каби буюк алломалар асарларини мукаммал ўрганиш мумкин.

Вилоят раҳбари мулоқот сўнгида изланувчан ўқувчига сўнгги нусхадаги ноутбук совға қилди.

Маълумот учун, Президентимиз ташаббуси билан очилган Ибрат ижод мактаби олий таълим муассасалари учун билимдон ёшларни тайёрлашга муносиб улуш қўшмоқда. Чунончи, ўтган йили мактабни тугаллаган 40 йигит-қиз бир қатор хорижий олийгоҳларга ўқишга кирган бўлса, жорий йилнинг 39 нафар битирувчиси ҳам ана шундай шарафга муяссар бўлди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?