Президент Шавкат Мирзиёев таълим кўргазмаси доирасида бир гуруҳ мактаб ўқитувчилари билан учрашди

Фото: president.uz
Давлатимиз раҳбари таълим кўргазмаси доирасида бир гуруҳ мактаб ўқитувчилари билан учрашди.
Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ юртимиздаги муаммолардан бири сифатида кадрлар масаласини кўрсатган эди. Сўнгги йилларда қайси соҳада ислоҳотлар, улкан лойиҳалар бўлмасин, албатта, унга мос мутахассислар тайёрлаш ҳам кун тартибига чиқади.
– Ҳамма саъй-ҳаракатларимиз тагида таълим бор. Қайси ҳудудга борсам, ёшлар билан, катта-катта корхоналардаги ишчилар билан суҳбатлашаман. Улардан «Сизни нима қийнайди» деб сўрасам, билим етишмаслигини айтади. Ривожланган давлатлар бугунги иқтисодиётига қандай эришган? Билим эвазига! Шунинг учун аввалбошдан таълимни яхшилашга ҳаракат қиляпмиз. 2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб ном бердик. Энди мактабларимизга мутлақо янги муҳит ва сифат кириб келиши керак, - деди Президент.
Маълумки, мамлакатимизда ижтимоий давлат қурилмоқда. Кейинги йилларда юзлаб янги мактаблар қурилди, 500 минг ўқувчи учун қўшимча ўринлар яратилди, 7 мингдан ортиқ замонавий компьютер хоналари ташкил этилди.
Шароит билан бирга таълимнинг мазмунини, методологияни ўзгартириш чоралари кўрилмоқда. Биринчи босқичда бошланғич синф дарсликлари янгиланмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу ишлар мактаб таълими бўйича умумий стратегиянинг бир қисми экани, сифат ва самарадорлик кўп жиҳатдан ўқитувчига боғлиқлигини таъкидлади.
– Мен нима учун ўқитувчининг жамиятдаги обрўси ва мавқеини ошириш керак, деб кўп гапираман, – деди Шавкат Мирзиёев. – Чунки болаларимиз қалбининг чинакам меъмори, муҳандиси ўқитувчилардир. Шунинг учун педагогларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш доимо эътиборимиз марказида бўлади. Уларни дарсдан бошқа ишларга жалб этиш – бу давлатга, келажакка хиёнат, деб баҳоланиши керак. Ўқитувчига ҳурматсизлик – бу халқимизга, жамиятимизга ҳурматсизликдир.
Президент Конституция ва қонунларда ўқитувчининг мақоми, ҳуқуқ ва манфаатларини аниқ белгилаш зарурлигини яна бир бор таъкидлади.
– Шундай жамият қуришимиз керакки, ўқитувчилик энг обрўли касб бўлиши лозим! Бу йўлда биз, аввало, ўз ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлаган минг-минглаб устоз ва мураббийларга таянамиз! Устозларни эъзозлаган жамият ҳеч қачон кам бўлмайди, ўз мақсадларига албатта етади. Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутманглар: халқимиз ўз келажагини сизларга ишониб топширган. Келажагимиз қандай бўлиши аввало сизларга боғлиқ. Бу йўлда Президент сизларни доимо қўллаб-қувватлайди, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ёшлар таълим-тарбиясида ота-оналар масъулиятини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Мулоқотда ўқитувчилар педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, мактабларга хорижий тил эгаларини жалб қилиш, ёшларни касбга йўналтириш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари ўқитувчиларни кириб келаётган янги 2023 йил билан табриклаб, шарафли ва масъулиятли фаолиятида куч-ғайрат тилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Гидроэнергетикадаги лойиҳалар ижроси кўриб чиқилди
- Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида
- Грузияда дзюдо бўйича навбатдаги мусобақа бўлиб ўтади
- АҚШ Украина учун тинчлик режасининг асосий элементини маълум қилди
- Пойтахт эҳтиёжини таъминлаш учун қуввати 2 минг 400 мегаваттли 4 та йирик қуёш станциялари барпо этилади
- Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг