Президент раислигида Навоий вилояти иқтисодиётини ўстириш масалалари кўриб чиқилмоқда

11:59 01 Ноябрь 2024 Сиёсат
376 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда буюк бобомиз номи билан аталадиган Навоий вилояти маънавий тарбия, маърифий юксалиш йўлида барчага ўрнак ва намуна бўлиши, таъбир жоиз бўлса, юртимизнинг маънавий брендига айланиши зарурлиги таъкидланди.

Масалан, 2017 йил Андижон вилоятида “Бобур йили” деб эълон қилиниб, шу асосда кенг кўламли ишлар амалга оширилган эди. Президент мана шундай ижобий тажрибани Навоий вилоятида ҳам қўллаб, янги – 2025 йилни вилоятда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилишни таклиф қилди.

Бу йил доирасида “Ҳазрат Навоийни англаш – ўзлигимизни англаш” мавзусида Президент совғаси учун республика танлови ташкил этилади. Ҳар бир маҳалла, мактаб, олийгоҳлар ва меҳнат жамоаларида “Навоийхонлик кечалари” ўтказилади.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманлари, қишлоқларида Навоий бобомизга атаб янги боғлар, сўлим хиёбонлар, яшил ҳудудлар ташкил этилади. 

Қуриладиган Янги Ўзбекистон боғида Алишер Навоийга бағишлаб мемориал музей ташкил этилади.

Йиғилишда асосий масала – Навоий вилояти иқтисодиётини ўстириш, инвестиция, экспорт ва пировардида, одамлар даромадини кўпайтириш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Вилоят республикамизнинг қоқ марказида жойлашган, бой табиий ресурслар, етарли инфратузилма ва инсон салоҳиятига эга ҳудуд. 

Сўнгги уч йилда навоийлик ёшлар олийгоҳга кириш бўйича 1-ўринни эгаллаб келмоқда. Боғча қамрови 85 фоизга етиб, республикада 2-ўринга чиқди. 

Халқимиз қазилма бойликларининг 20 фоизи Навоий заминида. Вилоятда ҳар йили 100 триллион сўмдан ортиқ саноат маҳсулоти яратилмоқда. Ҳозирда вилоятда 15 миллиард киловатт соат электр энергияси чиқарилаяпти, яна 5,2 гигаваттли шамол ва қуёш станциялари ишга тушиш арафасида.

Мамлакатимизнинг энг муҳим транспорт артерияларининг 16 фоизи Навоий ҳудудидан ўтган. Ўтган ҳафта Қорақалпоғистонда 240 километрли “Қўнғирот-Бейнов” янги йўли фойдаланишга топширилди.  Бу ҳам Навоийнинг логистика маркази сифатидаги аҳамиятини янада оширади.

Ушбу улкан салоҳиятдан вилоят ҳокими, унинг 8 та ўринбосари, 11 та шаҳар-туман ҳокими унумли фойдаланиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишга уланган бошқа вилоятлар мутасаддилари ҳам бугунги таҳлиллар ва топшириқлардан аниқ хулоса қилиб, Навоий мисолида ўз режаларини тузиши зарурлиги қайд этилди.

Вилоятга 3,7 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиб, 600 та янги корхонани ишга тушириш, 15-20 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш вазифаси қўйилди. 

Чуқур геологик таҳлиллар асосида янги конларни тайёр лойиҳа пакети билан тадбиркор-инвесторларга таклиф қилиш зарур. 

Уч йил давомида йилига 350 минг гектар яйловга янги технология асосида уруғ ва кўчат экиш ташкил қилиниб, 50 минг аҳолига мева-сабзавот, боғ ва чорва учун бўлиб берилади. 100 та кўп қаватли уй-жойлар қуриш режалаштирилган.

Камбағалликни қисқартириш, миграцияни янги тизими ва 4 та туман тажрибаси ҳисобидан яна 140 минг аҳоли бандлигини таъминлаш, 16 минг оилани камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер