Президент иқтисодий дипломатияни кучайтириш зарурлигини таъкидлади

17:21 15 Январь 2026 Сиёсат
304 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Эндиликда элчилар фаолият юритаётган давлатдан экспорт тушумлари, туристлар оқими, қонуний иш жойларига Ўзбекистон фуқароларини юбориш улар учун KPI бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда чет элдаги элчихоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналар штатлари, улар ва Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг ойлик иш ҳақи кўпайтирилгани қайд этилди.

«Лекин барча дипломатик ваколатхоналаримиз буни тўғри англаб, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга соляптими?

Дипломатик фаолиятни баҳолашнинг битта ўлчови бор, у ҳам бўлса – натижа!

Шу боис, ҳозирги шароитда элчи дегани фақат сиёсий мулоқот юритувчи шахс эмас. Элчи бу – инвестиция ва технологиялар олиб келадиган, янги экспорт бозорларини очадиган, транспорт-логистика йўлакларини ишга соладиган, туристлар оқимини кўпайтирадиган, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратадиган, энг асосийси, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давлат вакилидир», деди Президентимиз.

Президентимиз иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестициялар ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Зеро, иқтисодий дипломатия – янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш орқали инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилади. Иқтисодий хавфсизлик эса давлат хавфсизлигининг асосий пойдевори ҳисобланади.

Икки ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йилда умумий қиймати 160 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича битимлар имзоланди.

Тарихда биринчи бор ташқи савдо айланмаси 80 миллиард доллардан ошиб, экспорт миқдори 33,5 миллиард долларга етди. Хорижий инвестициялар ҳам кескин кўпайиб, 43 миллиард доллардан ошди.

Эътиборлиси, ўтган йили 75 та давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 миллиард долларга кўпайган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?