Пора эвазига янги штат очиб беришни ваъда қилган қоровулбозорлик “боғча” опаларга суд ҳукми ўқилди

12:48 29 Май 2023 Жамият
529 0

Архив фото

Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги 5- сон давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи вазифасида ишлаётган Феруза Мансурова қайта тайёрлов марказида “дефектология” (логопед) йўналиши бўйича ўқиб, дипломли бўлди. Ўзи ишлаётган ташкилотда бу ихтисослик бўйича мутахассис йўқ эди. Шу боисдан мазкур вазифада меҳнат қилмоқчи бўлди. Мақсадини айтиб, бир неча бор ташкилот мудираси Г. Асадовага учради.

Аммо мудира ҳар гал турли баҳоналар қилар, бу иш харажатсиз бўлмаслигига ишора этарди. Бу орада ўртага ташкилот услубчиси Ш. Ражабова ҳам тушди. Феруза қанча харажат қилишини сўраганида мудира қўлининг тўртта бармоғини кўрсатди. Қаранг, логопед штати очиб беришнинг баҳоси 400 АҚШ доллари эмиш. Ваҳоланки, мудира ҳам, услубчи ҳам бундай ваколатга эга эмас.

Воқеалар ривожидан ўзиб айтиш лозимки, уларнинг ҳар иккаласи тегишли ҳуқуқни муҳофаза этувчи орган ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинди.

Бу жиноий иш табиийки, судда кўриб чиқилди. Тўпланган ашёвий далиллар, баённомалар, жазони оғирлаштирувчи, енгиллаштирувчи ҳолатлар синчковлик билан ўрганилди. Гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди. Ҳар иккала судланувчи айбига иқрор бўлиб,қилмишидан пушаймонлигини, оилавий шароитини инобатга олган ҳолда қонуний енгиллик беришни сўради. Пировардида суд уларга жазо тайинлашда мавжуд қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда ёндашди. ”Боғча” опаларга икки йилу олти ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Аслида ноқонуний йўлга кириш, порахўрлик қандай оқибатларга олиб келиши аввалдан маълум. Халқимиз “Кўза кунда эмас, кунида синади”, дея бежиз айтмаган, ахир. Қолаверса, масаланинг бошқа томони ҳам бор. Жиноят содир этиб, суд столига ўтирган, тегишли жазо олган айрим кимсалар, хусусан, улар зиёли, ёш авлод таълим – тарбиясига масъул шахслар бўлишса, эл – юрт олдида, кўча – куйда қандай бош кўтариб юришади? Назаримизда, энг оғир жазо шу.

Н. ШАРОПОВ,
жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?