Польшанинг йирик компанияси Ўзбекистондаги лойиҳаларга инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда

15:49 17 Июль 2023 Жамият
442 0

Ўзбекистоннинг  Польшадаги  элчиси Бахром  Бобоев Гошин шаҳрига ташрифи давомида “Orion Tobacco Poland Sp. z o.o.» компанияси фаолияти билан танишди.

Мамлакатимиз  дипломатик  миссияси  раҳбари корхона раҳбари Богуслав Чернек билан  музокаралар ўтказди.

Унда Ўзбекистон томони  билан  ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, мамлакатимиздаги лойиҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари  муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида поляк томони билан Сурхондарё вилоятида чилим тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, Самарқанд вилоятида кофе маҳсулотларини қадоқлаш ва ер ёнғоқли шоколад маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш хусусида фикр алмашилди.

“Orion Tobacco Poland Sp. z o.o.» компанияси  раҳбари бир неча бор Ўзбекистонга сафари  давомида  мамлакат бозоридаги тамаки маҳсулотларига бўлган талаб ва таклифларни  чуқур  ўрганганини  билдирди. Богуслав Чернекнинг айтишича, ушбу лойиҳалар инвесторнинг тўғридан-тўғри маблағлари ҳисобига амалга оширилади.  “Яъни Польшадан замонавий технологиялар юборилади, ойига 60 тоннагача маҳсулот ишлаб чиқарилади ва камида 500 га яқин қўшимча ишчи ўринлари яратилади. Ушбу масалани ишлаб чиқиш мақсадида поляк томони Ўзбекистонга навбатдаги ташрифни амалга оширишга тайёр”, — деди у.

“Orion Tobacco Poland Sp. z o.o.» компанияси, нозик кесилган тамаки, трубкали тамаки ва шиша тамаки ишлаб чиқариш бўйича Польшада етакчи ҳисобланади. Ҳозирги кунда корхона  маҳсулотлари дунёнинг 20 дан зиёд давлатларига экспорт қилинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер