Пойтахтимизнинг Олмазор туманида замонавий кутубхона очилди

12:52 23 Июнь 2022 Маданият
1603 0

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги «Ғалаба» маҳалла фуқаролар йиғинида «Китоб ва китобхонлик инсон маънавиятининг кўзгуси» шиори остида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда олимлар, зиёлилар, болалар ёзувчилари, шоирлар, эл суйган санъаткорлар, нуроний отахон ва онахонлар, ёшлар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда китобхонликка қаратилаётган эътибор, ёшларни китобга меҳрини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларга тўхталиб ўтиб, бунга ёшларимиз ҳам муносиб жавоб қайтараётганликларини, бунёд этилаётган маърифат ўчоқлари–кутубхоналар аҳоли маънавий оламини янада бойитишга, фарзандларимизни эзгу ғоялар асосида, китобга меҳрли этиб тарбиялашда яқиндан кўмак беришини эътироф этишди.

Тадбир баҳонасида мазкур кўркам ва замонавий кутубхона фондига юзга яқин ўзбек ва жаҳон адабияёти дурдоналаридан иборат қарийб 1000 дона бадиий китоблар совға қилинди.

Маданий-маърифий тадбирда Олмазор тумани ҳоким ўринбосари Зиёдулла Саъдуллаев, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова, юридик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳитдинова, Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли хонандалари Адолат Исмоилова, «Муқумий» номидаги ўзбек давлат мусиқали драма театри хонандаси Бахтиёр Аҳмедовлар иштирок этди. Уларнинг чиқишлари маданий-маърифий тадбирга кўтаринки кайфият бахш этди.

Шунингдек, зиёлилар, олимлар тадбир давомида мамлакатимизда кезиб юрган янгиланиш нафаси, изчил ислоҳотлар ортида турган инсон манфаати, олиб борилаётган ободончилик ишлари ҳар бир юртдошимизнинг кўнглига кўчайотгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди. 

Шундан сўнг болажонлар томонидан ажойиб рақслар, шеър ва масаллар ижро этилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Олмазор туманидаги ўтказилиши белгиланган бу каби маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари жорий йилнинг якунига 12 та йўналиш бўйича ташкил этилади. Шунингдек, 33 та турли маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар доирасида 20 000 нафардан ортиқ аҳоли қамраб олинади. Туманда ташкил этилаётган ҳар бир тадбир давомида аҳоли кайфиятини кўтариш, ҳудудда ижтимоий-маънавий ҳолатни янада яхшилаш, ёшларни миллий қадриятлар асосида Ватанпарварлик руҳида тарбилашга алоҳида эътибор қаратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер