Париж-2024 XXXIII ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Бугун пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси томонидан Ўзбекистон делегациясининг Париж-2024 XXXIII ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ҳамда Шерзод Ташматовлар иштирок этишди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, “Париж-2024” олимпия ўйинларида тарихий натижа қайд этилиб, Ўзбекистон 206 та мамлакат орасида жами 13 та - 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медаллари билан 13-ўринни эгаллади.
Мамлакатимиз олимпиада ўйинларида МДҲ, Марказий Осиё, туркий ва мусулмон давлатлари орасида энг яхши натижани қайд этди. Бу тарихий натижа давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида қўлга киритилганлиги байрамга муносиб туҳфа бўлди.
Бугун халқимиз матонатли дзюдочи қизимиз Диёра Келдиёрова, таэквондо бўйича биринчи кумуш медал соҳибаси Светлана Осипова Олимпия ҳаракати солномасида таэквондо бўйича энг ёш тоифада икки карра Олимпия чемпиони Улуғбек Рашитов, ўзбек спортини дунёга танитган боксчиларимиз Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Халоков, моҳир курашчи Разамбек Жамалов, оғир атлетикачи Акбар Жўраев, эркин курашчи Ғуломжон Абдуллаев, тажрибали дзюдочиларимиз Музаффарбек Тўрабоев ҳамда Алишер Юсуповлар эришган оламшумул натижалар билан ҳақли равишда фахрланмоқда.
Албатта, эришилган тарихий ютуқлар билан чекланиб қолмасдан, бу борадаги натижаларни янада юқори даражаларга олиб чиқиш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Куни кеча давлатимиз раҳбари спортчилар билан ўтказилган учрашувда таъкидлаганларидек, Париждаги натижаларимизни чуқур таҳлил қилиб, улардан зарур хулоса ва сабоқлар чиқарган ҳолда, 2028 йили Лос-Анжелесда бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарликни ҳозирдан бошлашимиз керак. Келгуси Олимпиадада кучли ўнликка кириш бош мақсадимиз бўлади.
Бунинг учун эса Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари, спорт федерациялари томонидан миллий олимпия ҳаракатининг ажралмас қисми бўлган оммавий спортни ривожлантириш масаласига муҳим эътибор қаратилади.
Хусусан, жорий йил якунига қадар оммавий спорт тадбирлари орқали ёшлар қамровини 10 миллион нафарга етказиш бўйича фаол ишлар борилмоқда.
Истиқлол шодиёналари арафасида республикамиздаги 12 та спорт объектларида қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилса, йил якунига қадар эса яна 30 та спорт объектлари фойдаланишга топширилади.
Яна шуни қувонч билан айтиш жоизки, мамлакатимизда Тошкент-2025 ёшлар Осиё ва Пара Осиё ўйинларига ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Бунинг учун эса пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғига туташ ҳудудда минтақада ўхшаши бўлмаган улкан Олимпия шаҳарчаси бунёд этилмоқда.
Энг муҳими, Давлатимиз раҳбари томонидан баркамол авлодни тарбиялаш, спортни ҳар томонлама ривожлантириш масаласига давлат сиёсати даражасида муҳим эътибор қаратилаётганлиги бугун барча соҳалар қатори спортчиларимиз эришаётган тарихий натижалар учун ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг