Пайариқда 4 та маҳалла фуқаролар йиғини ўзининг янги биносига эга бўлди
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоятида маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият кўрсатаётганлар учун зарур шароит яратиш ва уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ана шу мақсадда ҳудудларда янги бинолар қурилиб фойдаланишга топшириляпти.
Куни кеча Пайариқ туманидаги Баҳор, Навбаҳор, Алиобод ва Қирқовул маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзининг янги биносига эга бўлди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирларда вилоят прокурори М.Эшназаров, вилоят халқ қабулхонаси бошлиғи М.Турдиев, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.Йўлдошев, туман ҳокими И.Жабборов ва сектор раҳбарлари иштирок этди.
— Шу пайтгача 1982 йилда қурилган, эски, шароитга эга бўлмаган қишлоқ врачлик пункти биносида фаолият юритишимизга тўғри келаётган эди, — дейди Баҳор маҳалласи раиси Зафар Ҳайитов. — Шароитнинг йўқлиги ҳам саломатлигимиз, ҳам иш самарадорлигимизга салбий таъсир қилаётганди. Йил бошида маҳалланинг оқсоқоллари билан кенгашиб, ҳашар йўли билан марказ қуришга қарор қилдик. Халқимиз бир ёқадан бош чиқарди, 4 ой деганда ишимиз битди. Ҳомийлар кўмагида бино тўлиқ компьютер ва бошқа керакли жиҳозлар билан таъминланди.
Замонавий бинода маҳалла еттилигининг ҳар бири учун барча қулайликларга эга алоҳида хоналар ажратилган.
Янги биноларнинг очилишига бағишланган тадбирларда сўзга чиққанлар маҳалла институтининг ҳаётимиздаги ўрни, инсонлар тарбиясидаги роли ҳақида тўхталди. У ёшларни жамиятнинг бир қисми бўлишга ўргатувчи, уларда инсонийлик, халқпарварлик, ватанпарварлик туйғуларини шакллантирувчи улуғ масканлиги, маҳалла ободлигига ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги таъкидланди.
Тантанали тадбир доирасида ҳудуддаги шароити оғир оила фарзандининг хатна тўйи ҳам ўтказиб берилди. Маҳалла қурилишида фаоллик кўрсатганларга ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширилди.
Шундай тадбирлар туманнинг Навбаҳор, Алиобод, Қирқовул маҳалларида ҳам ўтказилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг