«Озодлик, тенглик ва адолат»: Олий мақсад қурбонлари

15:12 14 Октябр 2020 Жамият
1655 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 31 август куни «Шаҳидлар хотираси» мажмуасида «Қатағон қурбонларини ёд этиш куни»га бағишланган тадбирда сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, уларнинг қолдирган меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратиш масалаларига алоҳида урғу берган эдилар.

Маълумки, мустабид тузум режали равишда ҳар хил уйдирмалар тўқиб, кейин уни рўкач қилиб, халқимизнинг илғор зиёлиларини, маърифатпарварларини «халқ душмани» деб эълон қилди, турли қийноқ ва азоб-уқубатларга гирифтор қилиб, қатл этди. 1937-53 йилларда халқимизнинг 100 минг асл фарзандлари қатағонга учраган. 13 минг нафар қатағонга учраганлар шафқатсиз отиб ташланган. Энг ачинарлиси, «Атрофдаги аҳоли ўқ овозини эшитмаслиги учун мотор ёқиб қўйиб, оқшомдан тонгга қадар маҳбуслар отилган ва барчаси битта чуқурга кўмилган. Уларга на жаноза, на бир энлик кафан насиб қилганди…». 2 миллионга яқин ватандошимиз ўз юртидан бош олиб чиқиб кетган. 1 миллион 700 минг юртдошимиз Сибир, Узоқ Шимолга, Украинага, Шимолий Кавказ, Уралга, Қозоғистон ва Узоқ Шарққа, Кавказ, Волга бўйига бадарға қилинган.

Бундай мудҳиш сиёсатнинг бош мақсади нима эди. Халқнинг ўз эрки, озодлиги учун курашдан сўндириш. Ўз йўриғига юрдириш. Шу йўлда халққа йўл кўрсатиши мумкин бўлган, уларни ўз орқасидан эргаштириши мумкин бўлган маърифатпарварлар, жадидлар, биринчи навбатда, қатағон қурбонига айландилар. Хорижда таълим олган илғор фикрли ёшлар ҳам четда қолмадилар. Бир сўз билан айтганда, халқнинг қаддини букишга қаратилган сиёсат олиб борилганди. Буни Маҳмудхўжа Беҳбудий шундай изоҳлаган: «Миссионерлар тарафидан ва ёйинки бизни йўқ ва нобуд бўлишимизни ва шариати муқаддасамизни ҳукмдан қолишини хоҳлатадурғон эски ва мустабид ҳукумат одамлари тарафидан шундай законлар чиқарди».

Мустақиллик йилларида тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш, мустақиллик қандай оғир ва машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини англаш, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаш кераклигига, мустақилликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 8 октябрь куни қабул қилинган «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши бу борада муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги таҳликали даврда миллий ўзлигимизни англаш теран моҳиятга асосланиши талаб этилмоқда. Шу маънода, тарихимизга таяниш, уни холис ва ҳаққоний ёритиш, ўтган даврларда халқимиз бошига қандай кунлар тушган, қандай мусибатларни бошдан кечирганлигини билишимиз, бу борада жон фидо қилган миллатнинг асл ўғлонлари муборак номларини тиклашимиз, уларнинг ҳаётини ўрганишимиз лозим. Ота-боболарининг бошидан кечирганларини ёшларимиз билиши керак. Ана шунда, юрт тинчлиги, Ватан мустақиллиги тушунчалари онгимизга чуқурроқ цингади. Тинч ва осойишта яшашнинг илдизларига етиб борамиз.

Фармойишда қатағон қурбонлари даврини ҳудудлар кесимида ўрганиш, жабр кўрган ҳеч бир кимса эътибордан четда қолиб кетмаслигининг белгилаб қўйилиши тарихий адолатни тиклашни назарда тутади. Шу мақсадда ўша давр ҳужжатлари ўрганиб чиқилади, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмасдан қолиб кетганлар бўлса аниқланади, Қатағон қурбонлари китобига киритилади.

Фармойишда қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини илмий тадқиқ этиш масаласига алоҳида уруғ берилган. Шунингдек, улар ҳақида илмий-тарихий китоблар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш ишларини мувофиқлаштиришга эътибор қаратилган.

Биз учун энг муҳими – бу тарбия. Фармойишнинг ҳар бир бандида ёшларимизнинг аждодлар руҳида тарбиялаш ўз аксини топган, деб айтсак тўғри бўлади. Хусусан, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида улар туғилиб вояга етган ва истиқомат қилган маҳаллалар ва умумтаълим мактабларида хотира бурчаклари ташкил этилади.

Фармойишда «Инсон – азиз, хотира – муқаддас» ғоясига урғу берилганлиги ҳам биз учун муҳим. Шу ғоя остида туман, шаҳар ва маҳаллаларда аҳоли, айниқса, ёш авлодни мустақиллик ва адолат тантанаси учун курашган фидойи ота-боболаримизнинг хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг кўрсатган жасорати ва ибратли фаолиятларини тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий тарғибот ишларини янада кучайтиришимизга даъват этади.

Тарихни холис ўрганиш, ҳақиқатни юзага чиқариш асосида ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат, юртга содиқлик хислатларини шакллантириш масалалари Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси дастурий ғояларида ўз аксини топган. Шу ўринда партия томонидан «Шаҳидлар хиёбони» жамоат фонди билан биргаликда республикамизнинг ҳар бир ҳудудидаги олий таълим муассасаларида «Қатағон қурбонлари хотираси» музейининг бўлимларини очилгани, жадидлар ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ турли рисола ва китоблар нашрга тайёрланаётганини қайд этиш жоиз. Бу эса миллат ўз қаҳрамонларини билиши, уларнинг ишларини давом эттириши зарурлигидан далолатдир.

Бир сўз билан айтганда, фармойишда белгиланган вазифаларнинг барчаси «Озодлик, тенглик ва адолат» учун курашган маърифатпарвар аждодларимиз меросини чуқур ўрганишга, ёшларга ўргатишга ва пировардида уларни абадийлаштиришга хизмат қилади.

Урол ХАИТОВ,
«Миллий тикланиш» демократик партияси
Марказий кенгаши бош мутахассиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?