Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси ўсимлик ёғи нархининг кўтарилишига изоҳ берди

20:04 14 Апрель 2021 Иқтисодиёт
2124 0

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар, умуман, аҳоли орасида мамлакатимизда ўсимлик ёғи нархларининг ошиб кетганлиги кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баҳодир Умиршайхов «Халқ сўзи»га мазкур ҳолатга нисбатан ўз фикрларини билдирди.

«Ўсимлик ёғи нархларининг кўтарилганлиги бир эмас, бир қанча омилларга боғлиқ, десак, адашмаймиз. Энг аввало, ташқи жаҳон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошиши мазкур ҳолатни юзага келишига замин яратди. Маълумотларга кўра, жаҳон бозорида пахта, газ, нефть ва электр энергияси нархи пасайиб, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб боряпти. Хусусан, ўсимлик ёғи нархи ўртача 20-25-фоиз ўсган. Кўплаб давлатлар ун, дон, гуруч, картошка каби ёғ-мой маҳсулотларини экспорт қилишга чекловлар ўрнатган.

Нархларнинг кўтарилишига иккинчи омилни ўсимлик ёғи импорти харажатлари таннархи билан бевосита боғлашимиз мумкин. Статистик маълумотларга қараганда, мамлакатимиз аҳолисининг ўсимлик мойига бўлган йиллик талаби 475 минг тоннани ташкил этади. Аммо ёғ-мой корхоналари томонидан 259 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан аҳоли эҳтиёжининг 55 фоизга таъминланмоқда. Ички бозор эҳтиёжининг 45 фоизи эса импорт ҳисобига тўлдирилмоқда. Ўтган ҳосил йилида маҳсулот етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлиши, бунинг ортидан қўшни давлатларда кунгабоқар ёғи ҳамда уруғи экспортига юқори божхона божлари белгиланиши тартиби муддатининг узайтирилиши ва унинг натижасида, импорт харажатларининг ошиши ўсимлик ёғи нархларининг кўтарилишига олиб келди.

Ўсимлик ёғи импорти ҳажмини камайтириш борасида ҳозирда Озиқ-овқат саноати уюшмаси томонидан таклиф ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Мамлакатимизда ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш қуввати 425 минг тоннани ташкил этади. Бу кўрсаткичда ишлаб чиқариш учун фақатгина экин хомашё базаси етарли даражада эмас. Мазкур масалани ечиш мақсадида, айни кунларда уюшмамиз томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчиларга мойли экинлар етиштиришни кўпайтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда», дейди Баҳодир Умиршайхов .

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?