Ўзбекистоннинг Роттердам конвенциясига қўшилиши қўллаб-қувватланмоқда

14:53 15 Июль 2023 Сиёсат
1207 0

4–7 июль кунлари Озарбайжоннинг Баку шаҳрида Роттердам конвенциясини ратификация қилиш бўйича минтақавий йиғилиш ўтказилди.

Тадбир халқаро савдода алоҳида хавфли кимёвий моддалар ва пестицидларга нисбатан дастлабки асосланган розилик процедураси тўғрисидаги Роттердам конвенцияси Котибияти томонидан Конвенцияга қўшилмаган Озарбайжон, Беларус, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикалари учун ташкил этилди.

Минтақавий йиғилишнинг мақсади Озарбайжон, Беларус, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг Роттердам конвенциясига қўшилиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш ва бу борада мамлакатларга амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Минтақавий йиғилишда Роттердам конвенциянинг мазмун-моҳияти ва унга қўшилишнинг афзалликлари ҳамда натижалари, Базел, Роттердам ва Стокголм конвенцияларига мувофиқ хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндиларнинг халқаро савдоси устидан назорат қилишга оид масалалар ҳамда ФАОнинг (ФАО – БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти) минтақада пестицидлардан фойдаланишни камайтиришга қаратилган фаолияти кўриб чиқилди.

Йиғилишда мамлакат вакиллари, шу жумладан, Ўзбекистон вакилининг ҳам кимёвий моддаларни тартибга солишнинг миллий тизимига бағишланган тақдимоти намойиш қилинди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари кимёвий хавфсизлик соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, пестицидлар ва улардан бўшаган идишлар муомаласини назорат қилиш, эскирган пестицидларни хавфсиз тарзда йўқ қилиш, хавфсизроқ турларини татбиқ этиш масалаларга эътибор қаратишди.

Таъкидлаш лозимки, Туркия Республикасида ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалар захираларининг ишлаб чиқарувчилардан бошлаб истеъмолчига қадар бўлган айланмасини назорат қилиш учун “Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари захираларини назорат қилиш дастури” (“Plant Protection Products Stock Tracking Program”) яратилди. Бунда кимёвий моддаларни импорт қилувчи, ишлаб чиқарувчи, сотувчи (улгуржи ва чакана савдо) ва якуний истеъмолчидаги пестицидларнинг сифат ва миқдорий кўрсаткичлари, шунингдек, улардан бўшаган идишлар тўғрисида маълумот тизимда кўринади.

Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчилар яроқлилик муддати тугатилаётган пестицидларни йиғиб олишга ва утилизация қилишга масъулдир.

Маълумот учун, Озарбайжон Республикасида эскирган пестицидлар муаммоси ҳал этилиши учун яроқлилик муддати 6 ой қолган препаратларни импорт қилишга рухсат этилмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?