Ўзбекистоннинг инновацион тараққиёти ва янгиланиши БМТ олий минбарида

12:50 29 Сентябр 2025 Сиёсат
178 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги нутқи билан танишар эканмиз, глобал аҳамиятга эга бир қатор муҳим соҳалар қатори иқтисодий ривожланиш, инновацион тармоқлар ва технологик саноат корхоналарини барпо этиш, “яшил” энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик бизнесни ҳар томонлама ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилганига гувоҳ бўламиз.

Биринчидан, ўз чиқишида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон БМТ томонидан илгари сурилган ва 2015-2030-йилларга мўлжалланган “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га эришиш йўлида олган мажбуриятларга содиқ эканлигини ва 2030 йилга бориб “даромади ўртадан юқори” бўлган мамлакатлар қаторига кириш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб бораётганини маълум қилиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу фикри орқали ҳақиқатдан ҳам мамлакатимизда халқимизнинг даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини ошириш борасида улкан ишлар амалга ошириб келинаётганлигини кўриш мумкин. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришилганлигини ушбу ишларнинг ёрқин натижаси сифатида кўрсатиб ўтиш лозим.

Иккинчидан, сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақаси доирасида ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайди. Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасида қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналарини ташкил этилмоқда, йирик инфратузилма лойиҳалари биргаликда амалга ошириб келинаётганини таъкидлаш жоиз.

Минтақадаги ўзаро савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техник, технологик, маданий-маърифий муносабатларнинг юқори босқичга кўтарилиши йўлида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари” алоҳида ўринга эга ва давлат раҳбарлари иштирокида ҳар йил ўтказилиб келинаётган мазкур форматдаги учрашувлар минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш йўлида самарали механизмга айланганини давлатимиз раҳбари Марказий Осиё минтақасининг умумий ютуғи сифатида қайд этиб ўтди.

Ш.Мирзиёев ўз чиқишида бугунги кунда Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланганини қатъий ишонч билан айтиб ўтди. Ҳақиқатдан ҳам, сўнгги 8-9 йил мобайнида Марказий Осиё минтақасида барча соҳаларда кечган жараёнларни кузатар эканмиз, даставвал Ўзбекистонда бошланган ижобий ўзгариш ва янгиланишлар бутун минтақа ҳудудига ҳам тарқалиб, минтақавий аҳамият касб этаётганлиги, қўшни давлатларимиз ўртасида барча соҳаларда тенг ва ўзаро манфаатли асосда ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда уни ривожлантириш эҳтиёжи юзага келганлигини, минтақа доирасидаги бундай ижобий ҳамкорлик бора-бора минтақавий интеграцияни янада чуқурлаштиргани барчага маълум. Шу ўринда мамлакатимизда бошланган Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёни бугунги кунда бутун минтақага кўчиб, Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни ҳам бошлангани минтақа мамлакатлари учун ҳар томонлама манфаатли бўлиши тобора яққол намоён бўлиб бормоқда ҳамда ушбу ижобий жараёнлар халқаро ҳамжамиятнинг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари БМТнинг минтақамиздаги интеграцион жараёнларни қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграциясини чуқурлаштиришга доир резолюциясини қабул қилиш таклифини илгари сурди.

Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмалари билан қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни таклиф этди ҳамда минтақавий интеграция ва умумий ривожланишга эришиш учун барча хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга чақирди. Бу борада, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақадаги сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилиш каби долзарб ташаббуслар илгари сурилди.

Учинчидан, бугунги таҳдидларга тўла дунёда глобал транспорт тизими нақадар заиф эканлиги тобора аён бўлиб бораётгани, бу муаммолар, биринчи навбатда, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётганига давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида урғу берилди. Ушбу салбий ҳолатга барҳам бериш учун халқаро транзит коридорларининг хавфсизлигини таъминлаш ва самарали логистика занжирларини яратиш ўта муҳимлиги қайд этиб ўтилди ҳамда бу борада “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Ҳақиқатдан ҳам сўнгги пайтда Марказий Осиё минтақаси давлатлари ва унга ёндош ҳудудлар ўртасида минтақалараро транспорт-логистика соҳасида янги имкониятларни ишга солиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бу борадаги ишлар БМТнинг барқарор транспорт алоқалари бўйича 1-Глобал конференцияси (Ашхобод, 2016 йил ноябрь) ва 2-Глобал конференцияси (Пекин, 2021 йил октябрь) мақсадларига мос келади.

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё минтақаси бутун Евросиё қитъасининг катта қисмини ўзаро боғловчи ҳамда Шарқий Европадан бошланиб Жанубий Осиё минтақасидаги Ҳинд океани портларига чиқувчи йирик мультимодал транспорт йўлагида муҳим кўприк вазифасини ўтамоқда.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги нутқи, унда илгари сурилган таклиф-ташаббуслар ҳақиқатда ҳам глобал аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг мазкур чиқиши мамлакатимизда сўнгги йилларда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар ва янгиланишларнинг халқаро даражада эътироф этилиши бўлди.

Актам Бурханов,

Ўзбекистон Миллий университети профессори,

иқтисодиёт фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер