Ўзбекистонликларнинг БААдаги жиноятлари визасиз режим бекор қилинишига сабаб бўлиши мумкин

14:40 25 Апрель 2025 Сиёсат
178 0

Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ўзбекистонликлар Дубай шаҳри кўчаларида муштлашгани ва иш пичоқбозликкача бориб етгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов мазкур ҳолат визасиз режим бекор қилинишига сабаб бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Билдирилишича, Дубай шаҳрида ўзбекистонликлар ўртасида юзага келган ҳолат бўйича аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон дипломатлари Дубай жиноят қидирув бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ўтказган.

Учрашувда БАА томони мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилган.

Шунингдек, сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланган.

Бурҳоновнинг қўшимча қилинишича, Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

«Ўзбекистон фуқароларини хориждаги юртдошларимиз шаънига доғ туширувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз», деб ёзади ТИВ матбуот котиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?