Ўзбекистонлик шифокорлар Самара давлат тиббиёт университетининг халқаро марказида малака оширади

16:41 08 Декабрь 2023 Жамият
393 0

Айни кунларда пойтахтимизда “Нeйропсихиатрияда диагностика ва даволашнинг инновацион ёндашувлари: аҳолининг заиф қатламларига эътибор ва профeссионал ҳамкорликнинг афзалликлари” халқаро илмий-таълим лойиҳаси амалга оширилмоқда.Лойиҳа доирасида ташкил этилган ўқув курсларининг очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова, тиббиёт олийгоҳлари, ҳудудий тиббиёт муассасалари масъуллари, психиатрия соҳасидаги етакчи олим ва экспертлар ҳамда Россия Федерациясининг Самара давлат тиббиёт университети вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоиз, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан Ўзбекистон психиатрлар ассоциацияси ва Самара давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа замонавий психиатрия, наркология, психофармакотерапия, психотерапия, тиббий психология, психиатрия ва наркологик ёрдамни ташкил этишнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашишга қаратилган.

Қолаверса, лойиҳага кўра ёш олимларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳадаги долзарб муаммоларнинг илмий жиҳатдан ечимини топишга кўмаклашиш назарда тутилган.

Тадбирда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази ва Самара давлат тиббиёт университети ўртасида психиатрия ва наркологик ёрдам, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, маҳорат дарслари ва анжуманлар ташкил этиш, телемедицина каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича битим имзоланди.

Шунингдек, келгуси йили 20 нафар ўзбекистонлик шифокорни малака ошириш учун Самара давлат тиббиёт университетининг Нейропсихиатрия халқаро илмий-таълим марказига юбориш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, 21 октябрга қадар давом этадиган ушбу лойиҳа якунида энг фаол уч нафар қатнашчи 2024 йилда Самарқанддаги Психиатрия мактабида ўқиш учун грант олиш имкониятига эга бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер