Ўзбекистонлик ҳинд тили мутахассислари Ҳиндистонда малака оширишмоқда
Тошкент давлат шарқшунослик университетининг (ТДШУ) бир гуруҳ профессор ва ўқитувчилари Агра шаҳридаги Марказий ҳинд тили институтида (Kendriya Hindi Sansthan) ташкил этилган малака ошириш курсларида иштирок этишаётир.
Ўзбекистонлик мутахассислар ушбу етакчи таълим масканида 20 кун давомида ҳинд тили, адабиёти, таржимашунослик, тил ва адабиёт ўқитиш методикаси, ҳинд фалсафаси, тарихи ва маданияти, журналистика, туризм каби йўналишларда ўз билимларини оширишлари билан бирга турли анжуманларда ўзларининг илмий чиқишлари билан ҳам қатнашади. Ҳинд тилини ўрганиш ва тадқиқ қилиш бўйича сўнгги янгилик ва услубларни ҳам ўзлаштиришмоқда.
– Мазкур малака ошириш курси бизга ҳинд тили ва маданиятини янада чуқурроқ ўрганиш имкониятини берди, — дейди гуруҳ раҳбари Мактуба Муртазаходжаева. – Шунингдек, тил ўқитиш жараёнидаги янги замонавий услублар билан ҳам танишяпмиз. Бугунги кунда университетимизда филология, тарих, фалсафа, иқтисодиёт, сиёсатшунослик йўналишларида асосий ва қўшимча шарқ тили сифатида ҳинд тили ўқитилмоқда. Марказий ҳинд тили институтида олинган билим ва кўникмалар университетимизда замонавий кадрларни тарбиялаш, ҳиндшунослик соҳасини ривожлантириш, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади, деб умид қиламиз.
Марказий ҳинд тили институти Ҳиндистоннинг тилшунослик йўналишидаги етакчи муассасаси ҳисобланади. Бу ерда соҳанинг етакчи мутахассислари тўпланган.
ТДШУ мазкур билим даргоҳи билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Университет вакиллари институтда ташкил этилаётган малака ошириш курслари ва илмий анжуманларда фаол иштирок этади. Шунингдек, ҳиндистонлик мутахассислар ҳам Ўзбекистонда ўтказиладиган турли халқаро тадбирларда мунтазам қатнашиб келмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг