Ўзбекистонлик ҳайдовчилар Германия меҳнат бозорига йўл олади. Масъул ташкилотлар меморандум имзолади
Германия Федератив Республикасининг «SBH WEST GmbH» таълим ва ҳунармандчилик фонди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши ўртасида уч томонлама Англашув меморандуми имзоланди. Ушбу меморандум Ўзбекистонда профессионал ҳайдовчиларни тайёрлаш ва уларнинг Германия меҳнат бозорида вақтинча ишлаш имкониятларини яратишга қаратилган.
Меморандум Миграция агентлигида ўтказилган тантанали тадбирда имзоланди. Унда «SBH WEST GmbH» фонди бошқарувчи директори Петер Ниеманн, Миграция агентлиги директори ўринбосари Матлаб Куранов ва «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров иштирок этди. Ҳамкорликнинг асосий мақсади Европа Иттифоқи стандартларига мувофиқ юк ва йўловчи ташиш бўйича профессионал ҳайдовчиларни тайёрлаш ва уларни Германияда вақтинчалик иш билан таъминлашдир.
Меморандум шартларига кўра, Германияда ишлаш истагида бўлган ўзбекистонлик фуқаролар «Ватанпарвар» ташкилоти ўқув муассасаларида махсус тайёргарликдан ўтади. Ушбу курслар орқали юк ва йўловчи ташиш бўйича ҳайдовчилик малакаси шакллантирилади. Ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритган номзодлар «SBH WEST GmbH» фонди ва иш берувчи компаниялар вакиллари томонидан амалий имтиҳондан ўтказилади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтганларга тегишли сертификатлар топширилади. Номзодларнинг немис тилида мулоқот қила олиш даражасида билимга эга бўлиши талаб этилади.
Меморандум имзоланишидан олдин, «SBH WEST GmbH» фонди бошқарувчи директори Петер Ниеманн бошчилигидаги делегация Андижон вилоятининг Бўстон туманида жойлашган «Ватанпарвар» ташкилоти Ўқув спорт техника клубига ташриф буюрди. Ташриф давомида делегация ўқув моддий-техник базаси билан танишиб, ўқув жараёнларини кўздан кечирди. Кейинги куни эса ташкилот Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров билан учрашув ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг сентябрь ойида «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида ҳам ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ушбу меморандумнинг асосий мақсади хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги фуқароларни хорижий меҳнат бозорида талаб этилган мутахассисликлар бўйича тайёрлашдан иборатдир.
Англашув меморандуми Германия меҳнат бозорида профессионал ҳайдовчиларга бўлган талабни қондиришга, ўзбекистонлик фуқаролар учун янги иш ўринлари яратишга ва икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу ташаббус мамлакатимиз фуқароларининг хорижий иш бозорига муваффақиятли интеграциясини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг