Ўзбекистондаги ягона овчи аёл ҳақида эшитганмисиз?

12:28 21 Январь 2022 Жамият
1523 0

Фото: "Халқ сўзи"

Иқлима Жўраева Бухоро вилояти Ғиждувон туманида истиқомат қилади. Тадбиркор. Янгиликка ўч. Жамоат ишларида фаол. ЎзЛиДеП аъзоси. Вилоятда турли ташкилотлар томонидан ўтказилган «Энг зўр пазанда», «Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли», «Туризм соҳасининг энг шижоатли аёли», «Анор» кўрик-танловларининг ғолиблари қаторидан ўрин олган.

Бу тиниб-тинчимас опахон овчилик билан ҳам шуғулланади. Айтишларича, у мамлакатимиздаги ягона овчи аёл саналади.

— Табиатим шунақа: бошқа аёллар қўл урмаган ишлар мени ўзига оҳанрабодек тортади, — дейди биз билан суҳбатда у.  — Овчилик билан шуғулланаётганимга йигирма йил бўлди. Қуён, булдуруқ, каклик овлайман. Биласизми, овчилик кишидан ҳар томонлама ҳушёр, сергак бўлишни талаб қилади. Отган ўқингиз қаерга боришини олдиндан билишингиз керак. Бошқача айтганда, овчида олтинчи ҳиссиёт бўлмоғи зарур. Ҳатто ёввойи қушлару ҳайвонларнинг феъл-атворидан хабардор бўлмоқ даркор. Шунда овингиз бароридан келади.

— Ўлжани нишонга олаётганингизда юрагингиз «жиз» этмайдими? — ўсмоқчилаб сўраймиз ундан.

 — Биласизми, ёввойи табиатнинг, чўл ҳавосининг ўзига яраша гашти, ҳайвону қушлар гўштининг саломатлик учун фойдали томонлари бор. Ҳам дам оласиз, ҳам шифо топасиз. Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб», дейди халқимиз. Мен бу гапни ўз бошимдан кечирганларимдан келиб чиқиб айтяпман. Бир муддат тобим қочиб, дунё кўзимга қоп-қоронғи туюлган. Шукр, у кунлар ортда қолди.

Ҳаётда раҳмдил инсонман. Лекин у ёки бу касалликдан азият чекаётган кишининг соғайиб кетиши, оиласи бағрига қайтишини ҳаммасидан муҳим деб биламан. Фақат иш табиатни асраб-авайлашга қаратилган қонун талаблари доирасида бажарилса, бас. Билсангиз, ҳаёт сизу биз ўйлагандан кўра гўзал. ташвишлар билан бўлиб айрим пайтларда буни чуқур ҳис этмаймиз.

Овчи опанинг бу ҳақида тўхталиши бежиз эмас. Ғиждувон шаҳрида у савдо ва умумий овқатланиш ҳамда меҳмонхона бизнеси йўналишларида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган. 45 та иш ўрни яратган. Умумий овқатланиш шохобчасида мижозлар буюртмасига кўра ёввойи ҳайвон ва қушлар гўштидан тансиқ таомлар тайёрланади. Табиийки, уларнинг барчаси шифобахш хусусиятга эга. Масалан, илон гўшти шўрваси иммунитетни оширади, кишининг юқумли касалликларга чалиниши йўлига ғов бўлади.

 — Йигирма чоғи илонимиз бор, юз бошдан зиёд тустовуқ парвариш қиламиз, — дейди Иқлима опа.  — Йигирмага яқин от ва туя сотиб олганмиз. Тустовуқни уй шароитида кўпайтирамиз.

Ўз-ўзидан суҳбатимиз овчи опанинг тадбиркорлик фаолиятига бориб тақалди. Гап шундаки, И. Жўраева раҳбарлик қилаётган «Кўкча олтин мўйна» масъулияти чекланган жамияти Ғиждувонда биринчи бўлиб экологик туризмни йўлга қўймоқда. Бунинг учун корхонага чўлдан 75 гектар ер ажратилди.

 —Бухоронинг қадимий ёдгорликларини томоша қилгани кўплаб меҳмонлар келади,- дея давом этади қаҳрамонимиз.  — Биз ўз тажрибамизда кўряпмизки, чўлларимизнинг бетакрор табиати, халқимизнинг турмуш тарзи, тансиқ таомларимиз ҳам хорижий сайёҳларни ўзига мафтун этмоқда. Шуни инобатга олиб, эко ва гастрономик туризмни равнақ топтиришга ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз. Лойиҳага кўра, корхонамиз учун чўлда дам олиш зонаси барпо этамиз. Сайёҳлар у ерда от спорти билан шуғулланишлари, балиқ овлашлари, туя сути ва қимиз ичишлари, ўз қўллари билан овқат пиширишлари, мириқиб ҳордиқ чиқаришлари мумкин бўлади. Бизнес лойиҳанинг қиймати 11 миллиард сўмни ташкил этади. Бунда молиявий муассаса кўмагига ҳам таянамиз...

Иқлима опа учун ҳамма иш силлиқ кечган эмас, албатта. Изланиш, интилиш, иштиёқ, ишонч ва она  — юртга меҳру муҳаббат бу қатъиятли аёлга қўл-қанот бўлмоқда.

Истам Иброҳимов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?