Ўзбекистондаги камбағаллик даражаси 4 йил ичида 23 фоиздан 11 фоизга туширилди

15:51 25 Сентябр 2024 Сиёсат
290 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида нутқ сўзламоқда.

Давлатимиз раҳбари Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши минтақамизда илк бор ўтказилаётганини таъкидлади: 

“Бу нуфузли анжуманнинг навбатдаги, тўққизинчи мажлиси учун айнан Ўзбекистон танланганини биз ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлигимизнинг юксак намунаси, деб биламиз”.

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон муҳим глобал ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиш, уларга самарали ечимлар топиш учун халқаро мулоқот майдонига айланиб бораётгани қайд этилди.

ОБИИнинг йиллик йиғилишида ҳам дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидан 2 мингга яқин вакил қатнашмоқда.

“Ҳеч кимга сир эмас, дунёдаги таҳликали вазият кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ҳозирда жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазият, глобал иқтисодиётдаги беқарорлик, озиқ-овқат ва энергия ресурслари танқислиги, камбағаллик, экология муаммолари тобора ўткир тус олиб бормоқда. 

Масалан, ўртача глобал ҳарорат 2040 йилга қадар 1,5 даражага ортиши прогноз қилинган эди. Лекин ҳозирги вазиятда бу ҳолат 2030 йилдаёқ юз бериши мумкинлиги бизни жиддий хавотирга соляпти.

Дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми тоза ичимлик суви муаммосига дуч келмоқда. Иқлим ўзгариши суръатлари тезлашиши оқибатида озиқ-овқат танқислиги глобал хавфга айланди. Натижада дунёда 800 миллионга яқин аҳоли ўта оғир камбағаллик шароитида яшаяпти.

Турли минтақаларда авж олаётган зиддиятлар боис анъанавий логистика йўналишлари мутлақо ўзгаряпти. Маҳсулот етказиш занжиридаги узилишлар хомашё ва истеъмол товарларининг қимматлашишига сабаб бўляпти”, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари буларнинг барчаси мавжуд инфратузилмага бўлган юкламани кескин ошириши ва глобал иқтисодий тараққиётга катта тўсиқ бўлишини қайд этди. 

Экспертлар фикрига кўра, 2030 йилгача дунёда янги инфратузилма учун 15 триллион доллар инвестиция талаб қилинади. Шунингдек, хорижий инвестициялар оқими сўнгги икки йилдан буён 10 фоиздан камаймоқда, дунёда молиявий ресурслар қарийб 2 баробар қимматлашди.

Бу муаммолар барча мамлакатларнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишини қийинлаштираётгани кўрсатиб ўтилди. Бундай шароитда глобал хавф-хатарлар оқибатларини юмшатиш, барқарор ўсиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашда халқаро молия ташкилотларининг роли янада ошиб бормоқда. 

“Бу борада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки қисқа давр ичида 55 миллиард долларлик лойиҳалар портфели билан нафақат минтақа, балки жаҳон миқёсидаги энг нуфузли молия ташкилотларидан бирига айланганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар ва туб ўзгаришлар жадал амалга оширилмоқда. Биз иқтисодиётни либераллаштириш, халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини юксалтиришга асосий эътибор қаратяпмиз.

Ўтган даврда ялпи ички маҳсулотимиз ҳажми 2 баробар кўпайиб, илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Келгуси беш йилда бу рақамни 160 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз.

Бундан кўзланган асосий мақсад – мамлакатимизни аҳолиси даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига олиб чиқишдир. Ушбу мақсадларга эришиш учун олдимизга катта-катта марраларни қўйганмиз” деди Президент.

Тўрт йил ичида мамлакатимиздаги камбағаллик даражасини 23 фоиздан 11 фоизга туширишга эришилгани таъкидланди. Жорий йил бу кўрсаткични 9 фоизгача, 2030 йилга қадар эса 2 баробар пасайтириш мақсад қилинган.

“Бизнинг ислоҳотларимиз туб негизида тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, одамларимиз учун барча соҳаларда янги иш ўринларини ва даромад манбаларини кўпайтиришдек устувор вазифа мужассам.

Шу билан бирга, аҳолининг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уй-жой шароитларини яхшилаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, энг оғир ҳудудларда инфратузилма тармоқларини барпо этишни қамраб олган “кўп ўлчовли” камбағалликни қисқартириш дастурини амалга оширяпмиз.

Шу боис илғор хорижий ёндашувлар асосида энг қуйи бўғин – маҳалла даражасига тушган ҳолда камбағалликни қисқартириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Яқинда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори жаноб Абхижит Банержи “Ўзбекистондаги маҳалла тизими ҳар бир муҳтож оилани камбағалликдан олиб чиқиш бўйича ўзининг ноёб рецептига эга”, деб таъкидлагани ҳам бежиз эмас”, деди Шавкат Мирзиёев.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер