Ўзбекистонда вабо касаллигига қарши профилактик ишлар қандай амалга оширилади?

18:02 23 Июль 2022 Жамият
1728 0

Фото: Иллюстратив фото

Вабо касаллиги – бу, вибрион микроорганизмлари келтириб чиқарадиган, карантин, ўта хавфли юқумли ичак касалликлари турига киради. Касаллик ингичка ичакнинг зарарланиши, диарея билан кечади, бу инсон организмида сувсизланиш ва қон томирлари етишмовчилигини келтириб чиқаради.

Вабо вибриони беморнинг ахлати, қусуғи, баъзан сийдиги билан ташқарига чиқади. Вибронлар тушган сув ва озиқ-овқатни истеъмол қилиш натижасида вабо юқади.

Ўзбекистон Республикасида вабонинг олдини олиш ва тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида Санитария-эпидемиология хизмати томонидан олиб борилаётган тадбирлар, аҳолини санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга йўналтирилган бўлиб бундай ишлар мунтазам амалга ошириб борилади.

Вабо профилактикасида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ифлосланган оқава сувларни мунтазам равишда зарарсизлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда санитария-гигиена қоида ва талабларига қатъий равишда амал қилишнинг аҳамияти катта.

Республика бўйича амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар натижасида ўлат, сариқ иситма, вирусли геморрагик иситмалар, парранда гриппи каби карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар, жумладан вабо касаллигини республика ҳудудига четдан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиб кетишига йўл қўйилмади.

Касаллик мавсумий хусусиятга эгалиги сабабли, иссиқ кунлар мавсумида, ҳар ҳафтада очиқ сув ҳавзаларидан намуналар олиниб, вабо вибрионлари ва шу оилага яқин вибрион(АГ ва НАГ вибрионлар)ларга текширилиши амалга ошириб келинади.

АГ вибрионлари – бу тўғридан тўғри вабо касаллигини келтириб чиқарадиган вибрионлар саналади.

НАГ вибрионлари – бу серогуруҳларнинг вибрионлари очиқ сув ҳавзаларида табиий равишда учрайдиган ва турли даражадаги ўткир ичак юқумли касалликлари (ЎИЮК) қўзғатувчиси сифатида кенг тарқалган.

Республикамизда доимий равишда ташқи муҳит очиқ сув ҳавзаларидан АГ, НАГ вибрионларига лаборатория текширишлари ўтказилиб турилади. Лаборатория таҳлилларида бундай вибрионлар аниқланган ҳудудларда касалликнинг аҳоли ўртасида келиб чиқиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилади, жумладан:

юқумли касалликлар шифохоналарида, орал-регидратация пунктларида ўткир диареяга чалинган беморларни Соғлиқни сақлаш вазирининг амалдаги буйруқлари талаблари асосида вабога текширилиши ташкил этилади;

касаллик мавсумида ҳар бир диарея касаллигига чалинган беморлар юзасидан чуқур эпидемиологик суриштирув ишлари ўтказилади.

Шунингдек мавсумда ўткир ичак юқумли касалликларнинг сонини ортишини инобатга олган ҳолда:

Санитария-эпидемиология хизматининг махсус лабораториялари вабо касаллигини ташхиси бўйича намуналарни мунтазам олиб таҳлил қилинмоқда. Бунинг учун керакли жиҳозлар, реактивлар ва озуқа муҳитлари билан етарли миқдорда таъминланган, лаборатория мутахассисларини қайта тайёргарликдан ўтказилган;

касалликка чалинган (гумон қилинган) беморларни юқумли касалликлар шифохонасига ётқизиш мақсадида шифо-ўринлари захираси ташкил этилган;

вабо касаллигига чалинган беморларини даволаш ишларини ташкил этиш учун зарур дори воситалари захирасини яратилган.

Санитария-эпидемиология хизмати томонидан ўта хавфли юқумли касалликлар, жумладан вабо касаллигини тарқалишини олдини олишга қаратилган эпидемияга қарши ва профилактик чора-тадбирлар қатъий назоратга олинган.

Бугунги кунда, вабо касаллиги республикамизда қайд этилмаган, эпидемик вазият барқарорлиги таъминланмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер