Ўзбекистонда судларда аудиоёзувдан фойдаланишни мажбурий қилиш таклифи илгари сурилмоқда

Фото: legal.report
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, айни пайтда республикада 665 та суд зали аудиоёзувдан фойдаланиш тизими билан, 385 та суд зали эса видеоконференцалоқа тизимлари билан таъминланган.
Амалдаги қонунчиликка кўра суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб боришнинг ихтиёрий тартиби жорий этилган. Бундан келиб чиқадики, бугун судларда айрим ҳолатларда эски тизимдан фойдаланиш, яъни суд мажлисларини баённомаларда қайд этиб бориш тизими ҳамон давом этмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳатто тажрибали ёрдамчи ҳам суд мажлисида бўлиб ўтаётган ва иш учун муҳим бўлган барча ҳолатларни ёзиб бориш имкониятига эга бўлавермайди. Бу эса ўз ўзидан судланувчи, жабрланувчи ва судда иштирок этувчи бошқа иштирокчиларнинг кўрсатмалари тушунарсиз, юзаки баён этилаётгани, ҳатто, судья, прокурор, адвокат томонидан берилган саволлар ҳам баённомада ўз аксини топмаётган ҳолатларни юзага келтириши эҳтимоли юқори.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда суд мажлиси аудиоёзувини мажбурий олиб бориш тартибини жорий этиш, манфаатдор шахсларнинг мурожаатига асосан суд мажлисининг аудиоёзувларини «E-XSUD» ахборот тизими орқали электрон тақдим этиш тартибини йўлга қўйиш, жиноят, фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда иқтисодий судларни аудиоёзувларни матн шаклига ўгирадиган дастурий таъминот билан таъминлаш таклиф этилмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибасига қаралганда Испания, Греция, Словакия, Руминия, Чехия, Грузия, Украина, Молдова, Озарбайжон, Россия, Белоруссия, Қирғизистон ва Қозоғистон жиноят-процессуал қонунчилигида суд мажлисини аудиоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш суд мажлисини ташкил этишнинг мажбурий шарти сифатида белгиланган.
Хўш бу тизим қулайликлари нималарда кўринади?
Биринчидан, судларда ишни кўриш вақтида аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда суд мажлисининг ёзиб олиниши судьянинг ишни кўриш бўйича масъулиятини кучайтиради ва суд процессларининг сифатини оширишга хизмат қилади.
Иккинчидан, суд мажлиси баённомасини ўзгартириб қўйиш ёки уни йўқолиб қолиши каби салбий ҳолатларга барҳам беради, суд мажлиси котибининг иш юкламасини ҳам бирмунча енгиллаштиради, чунки суд мажлисини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш суд мажлисида бўлиб ўтган ҳодисаларни ўзида тўлиқ акс эттиради.
Учинчидан, суд процессида қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш имконияти ошади, суд процессида йўл қўйилган хато ва камчиликларни аниқлаш осонлашади ҳамда суд хизматларини кўрсатиш самарадорлиги ошади.
Тўртинчидан, судья ёрдамчиларининг иш ҳажми кескин камаяди, процесс иштирокчилари суд мажлисининг аудио ёки видеоёзуви билан онлайн танишиш имконига эга бўлади. Қоғоз бўйича судларнинг сарф-харажатлари кескин камайиши ва энг муҳими мамлакатнинг суд тизими бўйича амалиёти Халқаро рейтинг ва индексларда юқори баҳоланади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки мамлакатда адолатли судловни амалга ошириш аввало инсон қадрини, унинг шаъни ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида халқ ишончига сазовор бўла олсин.
З. Эргашев, Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бош маслаҳатчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг