Ўзбекистонда стартап ғояларини тижоратлаштиришнинг янги босқичи
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида мамлакатимизни рақамли технологиялар ва илмий-инновацион салоҳиятни янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бизга маълумки, замонавий дунё технологик ютуқлар асосида ривожланмоқда ва мамлакатимиз ҳам бу жараёндан четда қолмаслиги лозим. Шу нуқтаи назардан, стартап ғояларини тижоратлаштириш ва трансфер технологияларини ривожлантириш масаласи бугунги куннинг энг долзарб мавзуларидан бирига айланди. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, “стартап ғоясидан то экспортгача кўмаклашадиган янги тизимни йўлга қўйишимиз лозим”.
Стартапларнинг анъанавий тадбиркорликдан асосий фарқи шундаки, у инновацион ечимлар тақдим этиш, бозорга ҳали кириб келмаган ёки мавжуд бўлмаган маҳсулот ёки хизматларни яратиш ҳамда кенг миқёсда ўсиш имкониятига эга бўлишига қаратилган. Эътиборли жиҳати “Google”, “Apple”, “Amazon”, “Alibaba” каби ахборот технологиялари соҳасидаги компаниялар дастлаб кичик стартаплар сифатида иш бошлаган ва бугунги кунга келиб глобал иқтисодиёт ва савдонинг етакчи кучларига айланган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда стартап экотизими жадал ривожланмоқда. Хусусан, 2024 йил 14 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Стартап лойиҳалар ва венчур молиялаштириш экотизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан рақамли технологиялар соҳасидаги стартап лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган Рақамли стартаплар дастури ва 2024–2026 йилларда стартап экотизимини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Бундан ташқари, мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2025 йил 20 августдаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашувидаги нутқида 2025 йилнинг етти ойи мобайнида стартапларга рекорд миқдорда 264 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция киритилганлиги ва бу кўрсаткич 2024 йил давомида киритилган сармоялардан 4 баробар кўп эканлиги алоҳида қайд этилди. Шунингдек, ёшларнинг 1 мингта стартап ғояси тижоратлаштирилиши ва шундан 200 таси халқаро бозорга олиб чиқилиши ва бу мақсадлар учун 100 миллион АҚШ доллари берилиши қайд этилди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган стартап ғояларини тижоратлаштириш йўналишидаги ислоҳотлар ўзининг натижалари қисқа вақтда бермоқда. Хусусан, «StartupBlink» глобал стартап экотизимининг индексининг 2025 йил рейтингида Ўзбекистон биринчи марта глобал Топ-100 таликка кирди. Бу кўрсаткич рекорд даражадаги ўсиш дея баҳоланиб, индекс натижалари мамлакатимизни Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган стартап марказига ва минтақада иккинчи ўринга олиб чиқди. Тошкент шаҳри ҳам глобал рейтингда 350-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган шаҳар сифатида эътироф этилди ва минтақавий технологик марказ сифатидаги муҳим ролини сезиларли ўсиш билан мустаҳкамланди. Маълумки, стартап нафақат янги маҳсулот ёки хизматни яратиш ташаббуси, балки билимга асосланган иқтисодиётнинг муҳим элементи сифатида намоён бўлмоқда. Стартап ғояларнинг негизида илмий изланишлар, интеллектуал меҳнат натижалари ва технологик янгиликлар ётади.
Стартап ғоялар ва илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш масаласи долзарб аҳамият касб этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-390-сон қарори билан 2030 йилга қадар Фанлар академияси ва унинг тизим ташкилотларида янги илмий ишланмалар сони ва тижоратлаштиришдан олинадиган маблағлар ҳажмини
3 бараварга ошириш, илм-фан ва саноат тармоқлари ўртасидаги ўзаро интеграцияни кучайтириш, Фанлар академиясининг янги ишланмаларини тижоратлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фан ва саноат интеграцияси кенгаши ташкил этилиши белгиланди.
Интеллектуал фаолият натижалари ва стартапларни тижоратлаштириш соҳасидаги амалий ҳаракатлар сифатида 2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасини ишга туширилганлигини қайд этиш лозим. Мазкур лойиҳа «Бир миллион дастурчи» ташаббусининг давоми бўлиб, лойиҳа доирасида лойиҳа доирасида 2030 йилга қадар 4 миллион 750 минг мактаб ўқувчилари ва талабалар, 150 минг нафар ўқитувчилар ҳамда 100 минг нафар давлат хизматчиларини ўқитиш кўзда тутилган. Юқоридаги лойиҳани ишга тушириш жараёнида мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев томонидан «Келажак марказлари»да сунъий интеллект мактаб дастури жорий қилиниши, мамлакатимиздаги мактаблар ўртасида ҳар йили сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап ғоялари бўйича танлов ўтказиш тизими йўлга қўйилиши ва ғояларни тижоратлаштириш бўйича илғор компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатилиши белгиланди.
Фикримизча, стартап ғояларини тижоратлаштириш жараёнида бир қатор муаммолар ҳам мавжуд. Биринчидан, илм-фан ва саноат ўртасида етарли алоқа йўқлиги сабабли тадқиқот натижалари кўпинча амалий татбиқ этилмасдан қолмоқда. Иккинчидан, стартапларига менторлик кўрсатиш соҳасида малакали кадрлар етишмаслиги сезилмоқда. Учинчидан, стартапларнинг халқаро бозорларга чиқиши учун маркетинг ва экспортини қўллаб-қувватлаш тизими янада кучайтирилиши керак.
Хулоса қилиб айтганда, стартап ғояларини тижоратлаштириш ва трансфер технологияларини ривожлантириш Ўзбекистоннинг инновацион иқтисодиётини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида белгиланган вазифалар доирасида бу соҳада изчил иш олиб борилиши лозим. Давлат томонидан яратилаётган қулай шарт-шароитлар, молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ва халқаро ҳамкорлик стартап экотизимини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, ёшларимиз орасидаги инновацион ғоялар амалий натижага айлантирилиши ва бу орқали мамлакатимиз иқтисодиётига ҳақиқий ҳисса қўшилиши лозим.
Абдумумин Юлдашов
Тошкент давлат юридик университети
Интеллектуал мулк ҳуқуқи шўбаси
профессори в.б., ю.ф.ф.д. (PhD), доцент
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг