Ўзбекистонда «Келажак мероси» халқаро мукофоти таъсис этилди
Иллюстратив фото
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан барпо этилаётган Янги Ўзбекистоннинг маданий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг бу борадаги халқаро обрў-эътиборини юксалтиришда қадимий тарихий меросимиз намуналари, маданий бойликлар, илмий ютуқ ва инновацион ғояларни турли шаклларда, жумладан, илмий, адабий-бадиий, тасвирий йўллар билан фаол тарғиб этиш, уларнинг нафақат бугунги, балки келгуси тараққиётимизга хизмат қиладиган таъсирчан воситага айлантиришга қаратилган интилиш ва амалий ҳаракатлар бугунги кунда тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.
Ана шундай ғоят кенг қамровли жараёнларни Ер юзидаги барча халқлар, жумладан, Ўзбекистон халқининг эзгу орзулари билан боғлаб, адабиёт, маданият, санъат, илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар соҳаларида юксак натижаларга эришаётган ҳамда миллий ва умумбашарий қадриятлар ривожига, глобал маданий тараққиётга муносиб ҳисса қўшиб келаётган маҳаллий ҳамда хорижий ижодкор ва зиёлиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида қарор қиламан:
1. «Келажак мероси» халқаро мукофоти (кейинги ўринларда – Халқаро мукофот) таъсис этилсин.
2. Халқаро мукофот учун танловлар 2025 йилдан бошлаб ҳар йили қуйидаги йўналишларда ўтказиб борилсин:
а) адабиёт;
б) маданий мерос;
в) театр ва кино;
г) мусиқа ва рақс;
д) тасвирий ва амалий санъат;
ж) мода ва дизайн;
з) илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар.
3. Белгилансинки:
а) Халқаро мукофотнинг ҳар бир йўналиши бўйича ғолиблар статуэтка, диплом ва 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади;
б) ғолибларга Халқаро мукофот тантанали равишда топширилади.
4. «Келажак мероси» халқаро мукофоти кенгаши тузилсин, унинг таркиби ҳамда асосий вазифалари 1- ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин. Маданият вазирлиги Кенгашнинг ишчи органи этиб белгилансин.
5. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда «Келажак мероси» халқаро мукофоти тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
6. Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро мукофотни хорижий мамлакатларда кенг оммалаштиришга ва ғолиб деб топилган чет эллик иштирокчиларнинг мамлакатимизга таклиф этилишига кўмаклашсин, шунингдек, уларга кириш визаларини, зарур ҳолларда «Тошкент» ва «Самарқанд» халқаро аэропортларида расмийлаштиришни таъминласин.
7. Маданият вазирлиги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси, «Дунё» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан биргаликда Халқаро мукофот, унинг аҳамияти ҳамда ушбу қарор доирасида амалга оширилаётган ишлар кенг ёритиб борилишини ташкил этсин.
8. Белгилаб қўйилсинки, Халқаро мукофот танловини ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича харажатлар 2025 йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.Мирзиёев
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг