Ўзбекистонда «Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги» лойиҳаси якунланди

Тошкентда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Корея Республикаси Ҳукуматининг молиявий кўмагида амалга оширилган «Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги» лойиҳасининг якуний миллий семинари бўлиб ўтди.
Беш йил давом этган лойиҳа Ўзбекистонда барқарор иссиқхона сабзавотчилиги ривожига катта ҳисса қўшди. Фарғона водийсидаги 60 дан ортиқ томорқа хўжаликлари қўллаб-қувватланди, бенефициарларнинг 65 фоизини аёллар ташкил этди. Иссиқхоналар модернизация қилинди, томчилатиб суғориш тизимлари, сифатли кўчатлар ва ўғитлар билан таъминланди. Деҳқонларга иқлим назорати, чанглатиш, ўсимликларни озиқлантириш ва зараркунандаларга қарши интеграциялашган кураш бўйича амалий ёрдам берилди.
Лойиҳа доирасида 900 дан ортиқ дала ташрифлари, 32 та дала намойиши ва 20 дан зиёд тренинг машғулотлари ташкил этилиб, 300 дан ортиқ деҳқон, ёшлар ҳамда давлат ва хусусий сектор вакиллари билимларини оширди. Махсус арилар ёрдамида чанглатиш, рақамли мониторинг, уруғ ва кўчат етиштириш ҳамда ҳосилни йиғиб олингандан кейинги илғор қайта ишлаш технологиялари татбиқ этилди.
Натижада томорқа эгалари ҳосилдорлик 55–76 фоизга, даромадлар эса 159 фоизгача ошганини қайд этмоқда. Зараркунанда ва касалликлар билан боғлиқ йўқотишлар камайиб, маҳсулот сифати яхшиланди ва озиқ-овқат хавфсизлигига ҳисса қўшилди.
Лойиҳа, шунингдек, кичик иссиқхоналарни ривожлантириш бўйича Миллий стратегия ишлаб чиқилишига замин яратди. Стратегия иқлимга чидамли иссиқхона инфратузилмасини ривожлантириш, маслаҳат хизматларини кучайтириш ҳамда аёллар ва ёшлар учун арзон молиявий ресурсларни кенгайтиришни назарда тутади.
«Замонавий технологиялар ва ҳамкорлик орқали ҳосилдорликни ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ оилалари фаровонлигини яхшилаш мумкинлиги исботланди», – деди Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуров.
Семинар Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтидаги Намойиш иссиқхонасига ташриф билан якунланди. ФАО вакиллари бу натижалар келгусида Бахмал туманида ҳам қўлланишини, шунингдек, Ўзбекистонда орттирилган тажриба Замбия, Гондурас ва Лесотодаги лойиҳаларда татбиқ этилишини таъкидлади.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг агроозиқ-овқат тизимларини барқарор трансформация қилишга тайёр эканини кўрсатди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг