Ўзбекистонда каратэ спортида бирмунча орқага кетиш ҳолати кузатилди. Ҳақиқат тан олинди, режалар қандай?

Миллий матбуот марказида «Каратэ спортини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси томонидан ташкил қилинди.
Унда Федерация президенти Нурхон Нафасов, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда Федерация Жаҳон каратэ федерацияси ва Осиё каратэ федерациясининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.
Аммо маълум муддат Ўзбекистонда каратэ спортида бирмунча орқага кетиш ҳолати кузатилди. Мисол учун, 2018 йилдан 2020 йил апрелгача ўтказилган мусобақаларнинг 3 тасида Ўзбекистон иштирок этмаган. Охирги 7 та мусобақада эса бирорта медаль қўлга киритилмаган ва ҳеч қандай натижага эришилмаган. Мутасаддилар ушбу ҳолатни очиқ тан олишди.
Шунингдек, халқаро рейтинг мусобақаларида қайд этилган натижалар ҳам мақтагулик эмас. Масалан, қўшни Қозоғистонда 1 вазннинг ўзида Олимпиада учун талабгорлар рейтингида 5 киши курашади. Ўзбекистондан эса 2 та вазн учун 1 киши талабгор бўлиб келган. Умумий талабгорлар 6 нафар, холос. Спортчилар захираси умуман шакллантирилмаган.
Айни пайтда бу йўналишда жиддий ўзгаришларни амалга ошириш кўзда тутиляпти.
Ўзбекистонда Премьер-лига мусобақасини юқори савияда ташкил қилиш, республика мусобақаларини янги тизимга ўтказиш, терма жамоани шакллантиришда селекцияга жиддий эътибор бериш, ёшлар ўртасида «Тошкент — 2025» Осиё ўйинлари тақвимига каратэ спорт турини ҳам киритиш режалаштирилгани шулар жумласидандир.
Ушбу ишларни амалга оширишда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўз навбатида 2021 — 2023 йиллар давомида Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг Базасини яратиш энг муҳим режалардан бири ҳисобланади. Бундан кўзланган мақсад жаҳон стандартларига жавоб берадиган ва каратэ федерациясининг нормал функционал фаолияти, терма жамоа ва каратэ спортини ривожлантиришга кўп йиллар хизмат қиладиган сифатли манба яратишдир.
Тадбир якунида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Ҳасан ПАЙДОЕВ
("Халқ сўзи") олган суратлар
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг