Ўзбекистонда электр энергиясини қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали ҳам олиш бошланади

Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. Мазкур йўналишдаги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Президентнинг 2025 йил 24 мартдаги ПҚ-116-сон, ПҚ-117-сон ва ПҚ-118-сон қарорлари қабул қилинди.
Қарорларга кўра, Тошкент шаҳри ва Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Қашқадарё ҳамда Самарқанд вилоятларида экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасига замонавий ечимлар ва технологияларни жорий этиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Лойиҳалар доирасида соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилиб, чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида ишлаб чиқарилган электр энергияси «Ўзэнергосотиш» акциядорлик жамиятига 30 йил давомида кафолатланган тарзда сотилиши белгиланди.
Электр энергиясини сотиб олиш ва чиқиндиларни етказиб бериш тўғрисидаги битимлар лойиҳа компаниялари билан тузилади. Бу эса чиқиндиларни қайта ишлашни иқтисодий жиҳатдан манфаатли ва узоқ муддатли тарзда амалга ошириш имконини беради.
Қарорларга мувофиқ, инвестор ва лойиҳа компаниялари 2025–2027 йиллар давомида белгиланган ҳудудларда қуйидаги ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналарни ишга туширишни таъминлайди. Тошкент вилоятида кунига 2,5 минг тонна чиқиндиларни термик усулда қайта ишлаш орқали 390 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Андижон, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ҳар бири кунига 1,5 минг тонна чиқиндиларни қайта ишлаб, 240 миллион киловатт-соат электр энергияси олиш кўзда тутилган. Шунингдек, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам кунига 1,5 минг тонна чиқинди термик усулда қайта ишланиб, ҳар бири 227,5 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.
Мазкур лойиҳалар нафақат қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтиришга, балки атроф-муҳит муҳофазаси, чиқиндиларнинг зарарсизлантирилиши ва янги иш ўринларининг яратилишига ҳам хизмат қилади. Бу эса Ўзбекистонда барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда муҳим қадам саналади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг