Шавкат Мирзиёев Бўстон маҳалласида аҳоли билан мулоқот қилди

15:15 04 Декабрь 2025 Сиёсат
94 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Гулистон шаҳри Бўстон маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини бориб кўрди.

Бўстон маҳалласи жорий йил обод маҳаллага айланди. Ҳудуддаги барча кўп қаватли уйлар таъмирланди, ҳудуд ободонлаштирилди. Маҳалла марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Президент дастлаб шу ерда маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар билан самимий мулоқот ўтказди. Учрашувда мамлакатнинг барча ҳудудларида қуйи бўғиндаги муаммоларни ҳал этиш, маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар самараси Сирдарёда ҳам ўз аксини топаётгани таъкидланди.

– Маҳалла – жамиятнинг юзи. Мамлакатдаги барча ўзгаришлар, аввало, шу ерда ўз ифодасини топади. Биз шундай тизим яратдикки, илгари жиддий деб ҳисоблаган кўплаб масалаларимизга ечимни айнан маҳалланинг ўзида топяпмиз. Бу институтга эътиборни янада кучайтиришда давом этамиз, – деди Президентимиз.

Иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида 18 миллиард сўм ҳисобига замонавий қозонхона ва 3,3 километр иссиқлик тармоқлари қурилди.

Кўп қаватли уйларда 23 та индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилиб, «ёпиқ» тизим ташкил этилди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳудуддаги 800 та хонадонли 20 та кўп қаватли уйнинг ички иссиқлик тизимлари қайта тикланди. 1 та боғча марказлашган иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан таъминланди.

Янги қозонхона қурилиши натижасида 144 минг киловатт-соат электр ва 627 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинади.

Президентимиз кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган бу ишларни давом эттириш, қозонхоналарни қуриш ва улардан фойдаланишда замонавий технологияларни қўллаш, малакали мутахассисларни жалб этиш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Шу ернинг ўзида «еттилик» вакиллари ва нуронийлар билан маҳалла ҳамда вилоят ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар хусусида суҳбат бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятида инфратузилмани ривожлантиришга доир қарори асосида ҳудудда 215 та кўп қаватли уйни қамраб олган махсус манзилли рўйхат шакллантирилган. Ушбу дастур доирасида уйларнинг том ва фасад қисмларини таъмирлаш, иссиқлик таъминотини яхшилаш, муҳандислик коммуникация тармоқларини яхшилаш ҳамда атроф-муҳитни ободонлаштириш ишлари режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер