Ўзбекистонда бокс бўйича олий спорт маҳорати мактаблари ташкил этилади. Ўқиш 7-синфдан, таълим олиш муддати 5 йил

13:46 01 Май 2021 Ҳужжатлар
3591 0

«Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, дастлаб қуйидаги ҳудудларда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида бокс бўйича олий спорт маҳорати мактаблари давлат муассасаси сифатида ташкил этилади:

Андижон вилояти (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари);

Бухоро вилояти (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари);

Қашқадарё вилояти (Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари);

Тошкент вилояти (Сирдарё ва Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри).

Бокс мактаблари фаолияти иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш ва уларни асосан миллий терма жамоаларга тайёрлашга йўналтирилади.

Ўқиш 7-синфдан ташкил этилади, таълим олиш муддати 5 йил этиб белгиланади.

Қарор билан Боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда унинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Унга кўра, 2025 йилгача қуйидагиларни амалга ошириш белгиланган:

спорт таълим муассасаларидаги бокс билан мунтазам шуғулланадиган ўқувчилар сонини 27 минггача етказиш;

келгуси 5 йил ичида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 7 та бокс залларини ташкил этиш;

бокс бўйича терма жамоаларнинг 46 га яқин халқаро спорт мусобақаларида иштирокини таъминлаш.

2021/2022 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари, ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларида бокс бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари икки бараварга оширилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер