Ўзбекистонда 2021 йилда қайси соҳага қанча маблағ ажратилади?

18:03 30 Ноябрь 2020 Жамият
478 0

Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг видеоконференц алоқа тарзидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилган мазкур ҳужжатда бир қатор янгиликлар ўрин олган. Энг муҳими, қайси соҳага қанча маблағ ажратилгани, соҳагагина эмас, қайси идорага қанча берилиши ва нимага сарфланиши ошкор қилинмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида 2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ва 2022-2023 йилларга бюджет мўлжаллари, 2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджети даромадлари прогнози, кейинги йил учун давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози ҳамда уларнинг харажатлари белгиланмоқда.

Муҳокамалар давомида бюджет харажатлари очиқ-ошкора бўлиши, давлат идоралари, ҳудудлар унинг ҳар бир сўмини оқилона, тизимли равишда сарфлаши зарурлиги таъкидланиб, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Халқ вакилларининг айтишича, лойиҳада ўз аксини топган параметрларнинг тўлақонли бажарилиши нафақат иқтисодиётимиз, балки жамиятимиз ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз бериши учун муҳим замин яратади.

Депутатлар қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиққан ҳолда, мазкур масала юзасидан ўз таклифларини берди ва лойиҳани иккинчи ўқишда қабул қилишди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Депутатларнинг фикрича, 6 та моддадан иборат қонун лойиҳаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, “Ўзбекистон Республикасининг Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуни, Бюджет кодекси ва “Ўзбекистон Республикасининг Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Эътиборли жиҳати, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон республикаси давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш жараёнини норматив-ҳуқуқий асосларини яратиш имконини беради.

Фракция аъзолари партиянинг мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва қонун лойиҳасини маъқуллашди.

Йиғилишда “2021 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжат-ларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин бахс-мунозараларга сабаб бўлди.

Мазкур ҳужжат 2021 йилга мўлжалланган солиқ сиёсатининг асосий йўналишлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг асосий мақсади – 2021 йилги солиқ сиёсатини такомиллаштириш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш, мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш, солиқ маъмурчилиги самарадорлигини янада ошириш ва бюджетга солиқларнинг тўлиқ тушумини таъминлашдан иборатдир.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида солиқ мажбуриятларининг бажарилиши буйича тегишли ҳуқуқий муносабатлар аниқ белгилаб қўйилади. Ўз навбатида, маҳаллий бюджетга қўшимча даромад тушишига сабаб бўлади.

Савол-жавоблар ва бўлиб ўтган муҳокамалардан сўнг депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклифларини билдирган ҳолда, ушбу ҳужжатни биринчи ўқишда қўллаб-қувватлашди.

Ҳаммамиз яхши биламиз, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни давлат божини белгилаш, ундириш, уни қайтариш ва уни тўлашдан озод қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Лекин ҳозирги давр мазкур қонунга ўзгартиришлар киритишни тақозо этмоқда.

Кун тартибидаги кейинги масала – “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2020 йил 1 июлдаги тегишли қарорининг 8-банди “а” кичик бандининг учинчи хатбошида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари зиммасига юклатилган вазифалар юзасидан судларга киритиладиган даъволар ва аризалар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш белгиланган.

Таклиф этилаётган лойиҳа билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунининг 8, 9 ва 10-моддаларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Баҳс-мунозара, қизғин муҳокамалардан кейин мазкур қонун соҳада юзага келаётган муаммолар ечимига хизмат қилиши айтилиб, концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

Фракция йиғилишида “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 24 январдаги карорида кўзда тутилган кўрсатмаларни бажариш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат Капитал бозорини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига қимматли қоғозларнинг номинал қийматини оширишда қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун йиғимлар йиғиб олиш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг институционал салоҳиятини кучайтиришга қаратилган.

Таъкидланишича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, эмиссиявий қимматли қоғозларнинг дастлабки чиқарилишини давлат руйхатидан ўтказишда эмитент республика бюджетига ушбу эмиссиявий қимматли қоғозларнинг номинал қийматидан 0,01 фоиз миқдорида ҳак тўлайди. Агар илгари руйхатдан ўтказилган эмиссиявий қимматли қоғозларнинг номинал қиймати ошса, эмитент республика бюджетига эмиссиявий қимматли қоғозларининг номинал қиймати ошган сўмманинг 0,01 фоизи миқдорида йиғим тўлайди.

Лойиҳада Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш фондига маблағлар ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу тўловлардан тушган маблағлар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги 650-сонли қарори билан белгиланган мақсадларда фойдаланилиши белгиланмоқда.

Шу жиҳатдан депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юқоридаги фармоннинг 5 ва 15-бандлари ижросини, шунингдек, Агентликнинг институционал салоҳиятини ва моддий-техник таъминотини ривожлантириш учун имконият яратилишини инобатга олиб, уни биринчи ўқишда маъқуллашди.

Йиғилишда фракция ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?