Ўзбекистон жамоалари «АрМИ-2021» VII Халқаро армия ўйинларида тарихий натижалар қайд этди
Фото: Ҳасан ПАЙДОЕВ("Халқ сўзи")
Бу ҳақда бугун АОКАда бўлиб ўтган анжуманда батафсил маълумот берилди.
Унда Мудофаа вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Раҳматилло Раҳмонов, Тошкент ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари Шокир Ҳайитов, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий тиббиёт факультети кафедра бошлиғи Носир Фозилов, Мудофаа вазирлиги хизмат бошлиғи Улуғбек Жўраев, мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Бахром Зулфиқоров иштирок этди. Матбуот анжуманидан асосий маълумотлар:
Сўнгги беш йил давомида мамлакатимизнинг мудофаа ва хавфсизлик соҳасида амалга оширилган ўзгаришлар Қуролли Кучларимиз ривожининг янги даврини бошлаб берди, яъни миллий армиямиз учун туб бурилиш ва янгиланишлар даври бўлди. Давлатимиз томонидан қўшинларимизни ҳар томонлама ривожлантириш, жанговар салоҳиятини янада ошириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони ташаббуси билан жанговар тайёргарлик машғулотларини сифатли ўтказиш ҳамда юрт ҳимоячиларига муносиб хизмат шароитларини яратиш мақсадида ҳарбий-маъмурий секторлар билан ҳамкорликда барча полигон ва ҳарбий шаҳарчалар халқаро талабларга мос равишда янгидан барпо этилди.
Бу эса Янги Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик, барқарор тараққиётни таъминлаш вазифасини бажарадиган миллий армиямизнинг янада ривожланишига, куч-қудрати ва салоҳияти ортишига хизмат қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, юксак касбий тайёргарликка эга бўлган ҳарбий хизматчиларимиз Ўзбекистон армияси халқаро полигон ва майдонларда ўзларининг неларга қодир эканликларини амалда намоён этмоқдалар.
Жумладан, ҳарбий хизматчиларимиз жорий йилнинг 22 август кунидан 4 сентябрига қадар йилнинг энг нуфузли ҳарбий мусобақаларидан бири бўлган «АрМИ–2021» Халқаро армия ўйинларида иштирок этган миллий армиямиз ўғлонлари жонажон юртимизнинг қудрати ва салоҳиятини яна бир бор, тўла-тўкис кўрсата олдилар.
Дунёнинг 11 та давлати ҳудудида ўтказилган «АрМИ–2021» мусобақаларида 42 та давлатнинг жами 277 та жамоаси, 5000 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар ўзаро куч синашди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоалари ушбу нуфузли мусобақаларнинг 24 йўналиши бўйича муносиб иштирок этишди ҳамда беллашувлар давомида 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида мусобақа ташкилотчисидан кейин фахрли 2-ўринни эгаллашди. Яъни, VII Халқаро армия ўйинларини Ўзбекистон жамоалари тарихий натижа билан якунлашди.
Мусобақалар якунлари бўйича «Содиқ дўст» эркаклар жамоаси, «Содиқ дўст» аёллар жамоаси, «Ҳарбий-тиббий эстафета» ва «Дала ошхонаси» жамоалари – олтин медаль, «Элбрус халқаси», «Мерганлик марраси», «Отлиқ марафон», «Қуролсоз уста», «Хавфсиз муҳит», «Муҳандислик формуласи», «Хавфсиз маршрут», «Қутб юлдузи», «Қўшинлар разведка аълочиси» жамоалари кумуш медаль ҳамда «Автозирҳли танк-техника устаси», «Ишончли қабул», «Йўл патрули», «Саян юриши» жамоалари бронза медалини қўлга киритишди.
Мусобақалар давомида жами 37 та рекорд натижа қайд этилган бўлиб, шундан 10 таси Ўзбекистон Республикаси жамоалари ҳисобига ёзилди. Хитой Халқ Республикаси 6 та, Беларус ва Ҳиндистон республикалари ҳисобида эса 2 тадан рекорд қайд этилган.
Ҳарбий хизматчиларимизнинг бугун бу каби ютуқлари миллий армиямизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарасидир. Халқаро майдонда юрт шаънини муносиб ҳимоя қилиб, мамлакатимиз байроғини баланд кўтарган ўғлонларимиз билдирилган ишончни тўла оқлашди. Улар эришган бу ютуқ чинакам тарихий натижадир. Рекордлар кетма-кетлиги, медаллар шодаси истиқлолимизнинг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.
Ҳасан ПАЙДОЕВ ("Халқ сўзи") олган суратлар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг